Олимлар бу ҳақда узоқ вақтлардан бери бош қотиришади. Бугунгача тадқиқотчилар томонидан зебраларнинг йўл-йўл чизиғи йиртқичлардан асрайди, иссиқда совутади ва совуқда иситади деган фикрлар ҳам берилган.
Бироқ, бу фикрлар ҳам аниқ далилларга асосланмаган. Фақат, яқиндагина зоологлар, сўнги изланишлар натижасида зебраларнинг оқ-қора чизиғи қандай вазифани бажариши ҳақида умумий хулосага келишди.
Маълум бўлишича ушбу Африка ёввойи отларида заҳарли ҳашоратлар, айниқса сеце пашшасига нисбатан ҳимоя қатлами ва трипаносомаларга қарши иммун тизими мавжуд эмас экан. Бу эса агар зебраларни касаллик тарқатувчи зарарли ҳашаротлар ёки сеце пашшаси чақса, қисқа муддат ичида тўда, касаллик туфайли қирилиб кетарди дегани.
Меҳрибон ва Раҳмли бўлган Зот Аллоҳ таоло ушбу ночор жониворни ҳам Ўз раҳматидан холи қолдирмади. Зебраларни, турли зарарли, шилқим, ўлимга олиб борувчи касалликлар тарқатадиган ҳашоратлардан сақланиш учун ЙЎЛ-ЙЎЛ, оқ-қора чизиқли тус билан ҳимоялаб қўйди. Қандай дейсизми? Олимларнинг таъкидлашларича сеце пашшаси ва бошқа ҳашоратлар йўл-йўл чизиқлар ёнида йўлини йўқотиб йиқилар ёки нотўғри қўнишга учраб, ҳалок бўлар экан. Шу сабаб улар зебраларга мутлақо яқинлашмас экан.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Ўзи яратган жонли ва жонсизларнинг барчасида олам-олам ҳикматларни мужассам этди.
Аллоҳ таоло Ўзининг барча махлуқларини яшаш шароити ва турмуш тарзигача ўзаро мутаносиб ҳолда яратган.
“Яратган зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир”. Мулк сураси, 14-оят
Маълумот учун: Сеце пашшаси (Глоссина) – тропик ва субтропик Aфриканинг нам ўрмонларида тарқалган. Бир қанча турлари оғир касаллик қўзғатувчи трипаносомаларни юқтиради (касалликдан ҳар йили минглаб кишилар ҳалок бўлади). Сеце пашшасига қарши ҳар хил пестицидлар ёрдамида олиб борилган кураш чоралари унчалик самара бермади, лекин флора ва фаунага катта зиён етказди.
Онгсиз, забонсиз бир, ёввойи махлуқники шунча ҳикмат ила, зарарлардан ҳимоя қилиб қўйган Зот, Ўзига халифа ўлароқ яратган биз бандаларни ҳам барча хавф-ҳатарлардан асраб, авайлайди. Фақатгина, Унинг розилиги ва муҳаббатини истаб яшасак бўлгани.
Саидаброр Умаров
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси