Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
ҲАДИСНИНГ ШАРҲИ
Уламоларимиз Исломнинг мадори деб атаган ҳадиси шарифлардан бири бўлган ушбу ҳадисда инсониятнинг узоқ тарихи давомида Аллоҳ таолонинг барча анбиёлари томонидан ўз умматларига тақдим қилинган энг яхши сифатлардан бири – ҳаё сифати ҳақида сўз кетмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири», деганларидан бу нарса аввал ўтган барча анбиёлардан қолган мерос экани англанади. Барча умматлар ушбу ҳадисда келган сўзларни асрлар оша бирин-кетин бир-бирларига мерос қолдирганлар ва мерос ўлароқ қабул қилиб олганлар. Бу эса ўз навбатида аввалги пайғабарликлар ушбу каломни келтирганига, у одамлар орасида машҳур бўлганига ва энг сўнгги уммат бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ҳам етиб келганига далолатдир.
Убайд ибн Занжавайҳининг ривоятида: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан шундан бошқани идрок қилмаганлар», дейилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер», деганларини уламолар икки хил шарҳ қилганлар.
Биринчиси – бу жумла нимани истаса, шуни қилаверишга буюриш эмас, аксинча, бу иши ёмонлаш ва ундан қайтариш маъносидадир.
Иккинчиси – бу жумла буйруқ майлида келган бўлса ҳам, хабар маъносини англатади. Яъни ким ҳаё қилмаса, хоҳлаганини қилаверади. Чунки қабоҳатларни қилишдан ман қилувчи омил ҳаёдир. Кимнинг ҳаёси бўлмаса, турли фаҳш ва мункар ишларга шўнғиб кетади.
ҲАЁНИНГ МАЪНОСИ ВА ТАЪРИФИ
«Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».
Уламолар ҳаёни турлича таърифлаганлар:
Журжоний: «Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб, уни тарк қилишидир», деган.
Яна: «Ҳаё қабиҳ кимсанинг қабоҳатни тарк қилишига сабаб бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳаққида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.
Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган.
Уламоларимиз ҳаёни шундай таърифлайдилар:
«Ҳаё хулқи қалбнинг тириклигига қараб бўлади. Қалбнинг ҳаёти даражасига мувофиқ ҳаё ҳам бўлади. Ҳаё барча малоҳатли нарсаларни қилишга ва барча кароҳатли нарсалардан четланишга боисдир. Ҳаё нафснинг мақталган сифатларидандир. Ҳаё карамли ахлоқларнинг бошидир, иймоннинг зийнатидир, Исломнинг шиоридир. Ҳаё яхшиликнинг далилидир. Ҳаё ёмонликнинг душманидир.
Ҳаё иймондандир, чунки иймон ва ҳаё одамни яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради».
Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ушбу ўрганаётган ҳадисимизнинг бош мавзуси – ҳаёга кенг ўрин берилган. Улардан баъзилари билан танишиб олсак, мавзуни етарлича англаб етишимизга ёрдам бўлади.
Қуръони Каримда ҳаё иккита оятда зикр қилинган.
Аллоҳ таоло Қосос сурасида шундай марҳамат қилади:
«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди. Унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди» (25-оят).
Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига у киши қўйларини суғориб берган икки қизнинг бири ҳаё билан, уялибгина келиб:
«Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди».
Бу оятда Шуъайб алайҳиссаломнинг қизлари ҳаё асосида тарбия топганлари алоҳида таъкидланмоқда.
Ва яна Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта(гуноҳ)дир» (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳллари ҳузурига кирганларида, онам ҳийс (таомнинг тури) қилиб, тавр(идиш)га солиб:
«Эй Анас, мана буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боргин-да, «Буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», дегин», дедилар. Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб:
«Онам сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қўй», дедилар. Сўнгра:
«Энди бориб, фалончи, фалончиларни ва йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг исмларини айтдилар. Мен у зот айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим. – Анасга: «Неча киши эдилар?» дедим. «Уч юз кишича», деди. – Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Анас, таврни олиб кел», дедилар».
Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта-ўнтадан халқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар.
Ҳаммалари еб, тўйдилар. Бир гуруҳи чиқиб, бир гуруҳи кириб, ҳаммалари ейишди. Сўнг менга:
«Эй Анас, кўтар», дедилар.
Билмайман, олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимдами. Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, гаплашиб қолишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирдилар. Аёллари эса юзини деворга ўгириб ўтирарди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб кирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида ўтирганлар у зотнинг оғир олганларини билишди ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетишди.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам пардани тушириб, ичкарига кирдилар, мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай, олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига: «Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг», оятини нозил қилди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқиб, одамларга ўқиб бердилар».
«Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг)».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига сиз учун таомга изн берилганида таом пишишини кутиб ўтирмайдиган бўлиб киринг. Бошқача қилиб айтганда, тайёр бўлиб турган таомни тановул қилиш учун изн берилганида киринг.
«Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб (қолиб) кетманг».
Ўша таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб, қайтиб чиқиб кетинг. Овқатни еб бўлиб ҳам улфатчилик учун гапни чўзиб ўтирманг.
«Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур».
Ул зот ўз аҳли билан қолишлари, зиммаларидаги вазифаларни адо этишлари лозим эди. Сиз буни эътиборга олмай, гаплашиб ўтирибсиз. Бу ҳол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни безовта қилар эди.
«У эса сизлардан ҳаё қиларди».
Меҳмонларга «Уйдан чиқиб кетинглар», деб айта олмас эди.
«Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайди».
Шунинг учун сизга «Таомни еб бўлганингиздан сўнг гапга берилиб ўтирмай, тезда чиқиб кетинг», демоқда.
“Зуҳд ва ҳаё” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди