Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер!

19.08.2019   2804   8 min.
Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

ҲАДИСНИНГ ШАРҲИ

Уламоларимиз Исломнинг мадори деб атаган ҳадиси шарифлардан бири  бўлган ушбу ҳадисда инсониятнинг узоқ тарихи давомида Аллоҳ таолонинг барча анбиёлари томонидан ўз умматларига тақдим қилинган энг яхши сифатлардан бири – ҳаё сифати ҳақида сўз кетмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири», деганларидан бу нарса аввал ўтган барча анбиёлардан қолган мерос экани англанади. Барча умматлар ушбу ҳадисда келган сўзларни асрлар оша бирин-кетин бир-бирларига мерос қолдирганлар ва мерос ўлароқ қабул қилиб олганлар. Бу эса ўз навбатида аввалги пайғабарликлар ушбу каломни келтирганига, у одамлар орасида машҳур бўлганига ва энг сўнгги уммат бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ҳам етиб келганига далолатдир.

Убайд ибн Занжавайҳининг ривоятида: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан шундан бошқани идрок қилмаганлар», дейилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер», деганларини уламолар икки хил шарҳ қилганлар.

Биринчиси – бу жумла нимани истаса, шуни қилаверишга буюриш эмас, аксинча, бу иши ёмонлаш ва ундан қайтариш маъносидадир.

Иккинчиси – бу жумла буйруқ майлида келган бўлса ҳам, хабар маъносини англатади. Яъни ким ҳаё қилмаса, хоҳлаганини қилаверади. Чунки қабоҳатларни қилишдан ман қилувчи омил ҳаёдир. Кимнинг ҳаёси бўлмаса, турли фаҳш ва мункар ишларга шўнғиб кетади.

ҲАЁНИНГ МАЪНОСИ ВА ТАЪРИФИ

«Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таърифлаганлар:

Журжоний: «Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб, уни тарк қилишидир», деган.

Яна: «Ҳаё қабиҳ кимсанинг қабоҳатни тарк қилишига сабаб бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳаққида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган.

Уламоларимиз ҳаёни шундай таърифлайдилар:

«Ҳаё хулқи қалбнинг тириклигига қараб бўлади. Қалбнинг ҳаёти даражасига мувофиқ ҳаё ҳам бўлади. Ҳаё барча малоҳатли нарсаларни қилишга ва барча кароҳатли нарсалардан четланишга боисдир. Ҳаё нафснинг мақталган сифатларидандир. Ҳаё карамли ахлоқларнинг бошидир, иймоннинг зийнатидир, Исломнинг шиоридир. Ҳаё яхшиликнинг далилидир. Ҳаё ёмонликнинг душманидир.

Ҳаё иймондандир, чунки иймон ва ҳаё одамни яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради».

Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ушбу ўрганаётган ҳадисимизнинг бош мавзуси – ҳаёга кенг ўрин берилган. Улардан баъзилари билан танишиб олсак, мавзуни етарлича англаб етишимизга ёрдам бўлади.

Қуръони Каримда ҳаё иккита оятда зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Қосос сурасида шундай марҳамат қилади:

«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди. Унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди» (25-оят).

Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига у киши қўйларини суғориб берган икки қизнинг бири ҳаё билан, уялибгина келиб:

«Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди».

Бу оятда Шуъайб алайҳиссаломнинг қизлари ҳаё асосида тарбия топганлари алоҳида таъкидланмоқда.

Ва яна Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта(гуноҳ)дир» (Аҳзоб сураси, 53-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳллари ҳузурига кирганларида, онам ҳийс (таомнинг тури) қилиб, тавр(идиш)га солиб:

«Эй Анас, мана буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боргин-да, «Буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», дегин», дедилар. Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб:

«Онам сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни қўй», дедилар. Сўнгра:

«Энди бориб, фалончи, фалончиларни ва йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг исмларини айтдилар. Мен у зот айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим. – Анасга: «Неча киши эдилар?» дедим. «Уч юз кишича», деди. – Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Анас, таврни олиб кел», дедилар».

Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўнта-ўнтадан халқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар.

Ҳаммалари еб, тўйдилар. Бир гуруҳи чиқиб, бир гуруҳи кириб, ҳаммалари ейишди. Сўнг менга:

«Эй Анас, кўтар», дедилар.

Билмайман, олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимдами. Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, гаплашиб қолишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирдилар. Аёллари эса юзини деворга ўгириб ўтирарди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб кирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида ўтирганлар у зотнинг оғир олганларини билишди ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетишди.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам пардани тушириб, ичкарига кирдилар, мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай, олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига: «Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг», оятини нозил қилди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқиб, одамларга ўқиб бердилар».

«Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг)».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига сиз учун таомга изн берилганида таом пишишини кутиб ўтирмайдиган бўлиб киринг. Бошқача қилиб айтганда, тайёр бўлиб турган таомни тановул қилиш учун изн берилганида киринг.

«Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб (қолиб) кетманг».

Ўша таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб, қайтиб чиқиб кетинг. Овқатни еб бўлиб ҳам улфатчилик учун гапни чўзиб ўтирманг.

«Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур».

Ул зот ўз аҳли билан қолишлари, зиммаларидаги вазифаларни адо этишлари лозим эди. Сиз буни эътиборга олмай, гаплашиб ўтирибсиз. Бу ҳол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни безовта қилар эди.

«У эса сизлардан ҳаё қиларди».

Меҳмонларга «Уйдан чиқиб кетинглар», деб айта олмас эди.

«Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайди».

Шунинг учун сизга «Таомни еб бўлганингиздан сўнг гапга берилиб ўтирмай, тезда чиқиб кетинг», демоқда.

“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   1294   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар