Жорий йилнинг 17 август куни ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи Жидда-Тошкент йўналиши бўйича она Ватанимизга жўнаб кетишди.
Зиёратчиларимиз бир ойга яқин вақт давомида Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, ҳаж амалларини мукаммал бажаришди. Шунингдек, у ердаги муқаддас қадамжоларга зиёратлар ҳам ташкил этилиб, сафарнинг самарали ўтиши таъминланди.
Жорий йилги ҳаж мавсумида юртдошларимизга “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Мадинаи мунавварада 5 юлдузли «Зам-зам Пулман» ҳамда Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхоналарида юқори савияда хизмат кўрсатилди.
Бу йилги мавсумида Республикамиздан жами 7000 нафардан ортиқ мўмин-мусулмон юртдошимиз ҳаж ибодатини адо этишди. Уларга 35 нафар ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор, 15 нафар ошпаз ҳамда 140 нафар гуруҳ раҳбари хизмат кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, ҳожиларимиз 17 августдан 1 сентябрь кунига қадар Жидда-Тошкент йўналиши бўйлаб Ватанимизга қайтишади.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати