14 август куни muslim.uz сайтида “Доллар нархи ошдими?” номи мақола эълон қилинган эди. Унда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати кўтарилиши юзасидан баъзи кишиларда пайдо бўлган хавотирли ҳолатларнинг муолажаси ва инсон ризқи Ҳақ таоло томонидан таъмин этилиши баён этилган.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифа ва канал юритувчилари томонидан ушбу мақоладаги фикрларни истеҳзо қилиш ҳолати учради. Сайтимиздаги мақолада инсон бошига келадиган ғам-ташвиш, мусибат у содир этган гуноҳ туфайли экани ояту ҳадислар асосида ёритилган.
Бироқ ушбу мақолага айрим ўқувсиз ижтимоий тармоқ юритувчилари масхараомуз фикрларни ўз саҳифасида қолдирган. Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари келтирилган мақолани шундай кимсалар “анекдот”, дея ҳақоратлашгача бориб етгани ташвишлидир. Мана шундай нодонлар фикри мазмунига етиб бормаган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билиб-билмай уларни ёқлаб қўйишган. Фейсбукда ҳам, телеграмда ҳам айримлар ушбу фикрларга кулиб турган “смайлик” қолдирган.
Бундай ҳолат ғўр кимсаларнинг диний-маърифий мақола устидан нодонларча кулаётганини кўрсатди. Улар ўйлаб кўрмайдиларми, шу пайтда уларнинг имон-эътиқодлари қай аҳволда экан? Оят, ҳадис, ҳикматларни масхара қилаётганлар оқибати нима бўлар экан?!
Қуръони каримда:
“Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир” (Зумар, 63), дея ояти каримада Аллоҳнинг оятларини инкор этувчилар зиён кўрувчилардан экани қатъий таъкидланган.
Ислом шиорларини масхара қилишнинг оқибати жуда ҳам оғир. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар:
“Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”.
Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!”– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, дедилар (Имом Ибн Можа).
Уламоларимиз ўзларининг фатволарида шундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса ёки масжидни масхара қилса кофир бўлади” (Манба: “Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Қайд айтганимиздек, баъзи инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги дин борасидаги масхараомуз фикрларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли ҳолат, билимсизлик, жоҳилликдир. Бу ҳақда қуйидаги линк орқали Диний идора раиси ўринбосари мақоласини ҳам мутолаа қилишингиз мумкин. (http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/16228)
Тарихдан маълумки, барча улуғ пайғамбарлар алайҳимуссалом ўз қавмларига Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этишни ва неъматларига шукрона қилишни тайинлаганлар. Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимуссалом ўз қавмларига истиғфор айтишни буюрганида, итоат этмаганлари оқибатида сув тошқини, шамол офати ва кучли қичқириқ балоси ушбу қавмларни барбод этган.
Огоҳлик қўнғироғи сифатида “Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақоладаги далилларни янада қувватлаш ва уни тушуниб етмаган кишилар хитобан, қуйидаги оят ва ҳадисларни келтирамиз.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган гапларини шундай баён қилади: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” (Нуҳ, 10-12).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай марҳамат қилганлар: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар (Абу Довуд, Ибн Можжа). Демак, ризқнинг зиёда бўлиши, мушкуллар осонлашиши, муаммолар бартараф бўлиши учун истиғфорни кўпроқ айтиш лозим.
Хулоса ўрнида, ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, қолдирган изоҳи ва тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам масъул эканини зинҳор унутмаслиги зарурдир.
Изоҳ ўрнида: мақолада бемаъни фикрларни тарқатган ижтимоий тармоқлар номлари келтирилмади. Мақсад, уларни оммага маълум қилиш орқали кенг ёйилишининг олдини олишдир. Агар кимда-ким ундай саҳифа ва каналларни билса ёки аъзо бўлса, тарк этишларини тавсия этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.