Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Қурбонлиқ ҳайвонини масхаралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!

17.08.2019   3420   9 min.
Қурбонлиқ ҳайвонини масхаралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!

Ҳар бир инсон тонгда уйғониши биланоқ смартфонини қўлига олиб, у орқали ижтимой тармоққа киради. Дунёдаги аксарият одамнинг одати – бу. Шу тариқа, ҳар бир киши истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичида кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – шунчаки кузатувчи...

Афсуски, ахборот тарқатиш борасидаги мутлоқ эркинлик баъзида тарбиясизликка сабаб бўлиб қолмоқда. Хусусан, охирги вақтларда тарқатилаётган лавҳалар орасида ҳақоратли сўзлар, туҳматли иборалар, муайян шахсларни обрўсизлантириш қасд қилинган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Энг ёмони, уларнинг аксари бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Бу қилмишлар ортида қандай ғаразлар ётгани катта савол туғдиради...

Айниқса, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани кишини янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Кечагина Қурбон ҳайити арафасида ижтимоий тармоқларда қурбонликка ҳозирланган жонлиқларнинг келинлик либосида, мусиқа садоси остида тасвирланган ёки шунга ўхшаш видеотасвирлар тарқатилди. Уни кўрган ҳам кўрди, кўрмаган ҳам кўрди. Лекин, билмадим, “интернет усталари”дан нечовларининг хаёлига қурбонлик ҳам – ислом шиорларидан бири экани келди? Илло, айрим интернет фойдаланувчилари қурбонлик ҳам – ислом шиори эканини билганларида эди, балки бу тариқа хатти-ҳаракат қилмаган бўлардилар.

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, “Ҳаром ой” (ҳаж ойлари)ни ҳалол деб ҳисобламангиз... !” (Моида сураси 2 оят). Яна бир ояти каримада: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан:

Каломуллоҳ – Қуръони карим, унинг тиловати, азон;

Аллоҳ таоло фарз қилган намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устуни бўлган ибодатлар;

шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар,  авлиёлар, уламолар, илм аҳллари;

ҳамда шариати Исломда қадрланган Каъбатуллоҳ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар;

шунингдек барча масжидлар ва замонлар – жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар;

қолаверса, ибодат буюмлари бўлмиш тасбеҳ, салла ва жойнамоз каби нарсалар.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи мажидида (Ҳаж сураси 36 ояти) бундай марҳамат қилади: “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) саф тортган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз!”.

Ушбу ояти каримада қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлар ҳам Аллоҳнинг шиорларидан (!) экани таъкидланмоқда. Ҳамда буларда бизлар учун яхшилик борлиги эслатилмоқда. Оятнинг мазмунидан қурбонликка аталган жониворларни ҳурматлаш, авайлаш ва эъзозлаш – Худодан қўрқишлик аломатларидан экани аён бўлади.

Аввалроқ айтганимиздек, сўнгги пайтларда баъзи инсонларнинг Қурбон ҳайит арафасида ижтимоий тармоқлар орқали Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни расмларига ишлов бериб, турли масхараомуз муносабатда бўлиб, бу ишининг оқибатини билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани эса ачинарли ҳолат, билимсизлик, авомлик, борингки, жоҳиллик деса ҳам бўлаверади.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқ ости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар:

Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди.

Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!”– деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида шунда дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (Манба: “Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз.

Ота-оналаримиз шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган. Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр ила алоҳида баланд жойларга қўйганлар. Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда меҳр билан беҳуда сўз айтмаганлар. Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар. Нима сабабдан? Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман(Имом Абу Довуд ривоятлари).

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Демак, юқоридаги ҳукмлар жонлиқлар билан боғлиқ ғалати ҳолатларни тарқатаётган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Улар ҳам исломий қадриятларга путур етказиш эвазига кўнгилхушлик ила омманинг эътиборини жалб қилиш оғир гуноҳ эканини англаб етсинлар.

Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – хайвоннинг иши,

деб бежизга айтишмаган.

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Бир сўз билан айтганда,“фейк” аккаунтлар ёки троллар юритувчилари муборак динимиз шаънига доғ солувчи лавҳалар, бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлари учун икки дунёда ҳам жавоб берадилар.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Даллоллик билан шуғулланиш мумкинми?

25.12.2024   1372   1 min.
Даллоллик билан шуғулланиш мумкинми?

Cавол: Даллоллик касби жоизми? Агар жоиз бўлса, даллол икки томондан ҳақ олса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Даллол гоҳида сотувчи тарафидан, гоҳида олувчи тарафидан, гоҳида эса иккиси тарафидан ҳам вакил бўлади. Агар даллол ёлғон, фириб, алдов қилмасдан фаолият юритса, бу учун ҳақ олиши жоиз ҳисобланади.
Даллолнинг ҳақ олиши ва унинг қайси томондан бўлиши урф-одатга кўра бўлади. Урфда сотувчи, ёки харидор, ё ҳар икки томон даллол ҳаққини берадиган бўлса, шундан келиб чиқиб иш фаолиятини юритиши жоиз ҳисобланади ("Дурарул ҳуккам" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.