Сен келишинг олдидан барчамиз сени кутиб олишга ўзгача тайёргарлик кўрардик.
Келишингга оз кунлар қолганда юрагимизни ажиб ҳислар қамраб оларди.
Келганингни илк кунлариданоқ барчамиз масжидларга шошардик.
Сен келгач, тонгларимиз ўзгача отадиган, Қуёш ўзгача нур сочадиган бўларди.
Сен келгач, масжидлармииз намозхонларга тўлиб кетарди.
Сен келганингдан сўнг таҳажжуд ўқиладиган пайтда барчамиз уйғоқ бўлардик.
Сен келгач, барча намозларга, хусусан, бомдодга жуда кўп кишилар чиқадиган бўлишди.
Сен келганингда, ҳамма бир-бирини эъзозлар, яхшиликларни тинимсиз қиларди.
Сен борлигингда, уйимизда, ризқимизда, пулларимизда, вақтларимизда барака бор эди.
Сен келганингда, овқатланадиган пайтимиз ажиб хурсандчиликда ўтарди.
Сен борлигингда, масжидга боришни ўйлаб, тезроқ овқатланишга ҳаракат қилардик.
Сен борлигингда, ҳар куни масжидга борардик.
Сен борлигингда, ҳар куни Қуръон ўқирдик ва тинглардик.
Сен борлигингда ҳар куни мавъиза тинглардик.
Сен шу ердалигингда, уйимизга келадиган меҳмонлар ўзгача кайфиятда бўлишарди.
Сен борлигингда, ҳамма диндошларимизнинг юзларидан ажиб нурлар тараларди.
Сен борлигингда, барчамизнинг ибодатга бўлган рағбатимиз ортиб, гуноҳлардан узоқ юришга уринардик.
Сен борлигингда, фақирлар, етимлар, бева-бечораларнинг қозонлари ҳам гўшт билан қайнаб, уйларида тўкин-сочинлик, юзларида миннатдорлик ва шукроналик табассуми бор эди.
Сени ҳурмат қилиб, бир-биримиз билан урушмасдик, талашмасдик.
Сен кетишга шунақа тез шошилардингки, ҳатто кетиш пайтинг келиб қолганини сезмай ҳам қолардик.
Сенинг кетишингни истамай, ич-ичимиздан сиқилардик.
Қанийди кетмасанг, ёнимизда доим бўлсанг деган фикрлар, хаёллар оғушида бўлардик.
Кетадиган кунинг ичимиздан йиғи келиб, юракларимиз ўртаниб, эзилардик.
Кетаётганингда барчамиз маҳзун бўлиб, “Яна келишингни кўрармикинман?! деган хавотирли савол хаёлимизни банд этарди.
Сен кетдинг-у, уйимиздаги, ризқимиздаги файзу барака камайгандек.
Сен кетдинг-у, масжидларимизда одамлар камайиб қолди.
Сен кетдинг-у, таҳажжуд пайтида саноқли кишиларгина уйғонадиган бўлиб қолди.
Сен кетдинг-у, масжидларга бомдод ва бошқа намозлар учун жуда оз одам борадиган бўлиб қолди.
Сен кетдинг-у, ейиш-ичишларимизда тартиб йўқолди.
Сен кетдинг-у, бир-биримизни алдаш, ҳақорат қилишлар аввалгидек давом эта бошлади.
Сен кетдинг-у, фақирлар, етимлар, бева-бечораларнинг аҳволи яна оғирлашиб, юзида маъюслик кўрина бошлади.
Қанийди сен келсанг-у, масжидларимизда яна одамлар кўп бўлса, барча намозлар қаторида бомдод ва хуфтонларга жамоат кўпроқ чиқса, тунлари кўпчилик уйғоқ бўлиб ибодат қилса, Қуръон доим ўқилса, қариндошлар холидан кўп-кўп хабар олинса, бир-биримизга мурувватларимизни аямай қилсак.
Сени соғинганмиз, барчамиз соғинганмиз, интизор бўлиб кутяпмиз, тезроқ келақол... Рамазон!
Нозимжон Ҳошимжон
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати