Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ота-онага оқ бўлишнинг кўринишлари

16.08.2019   3569   2 min.
Ота-онага оқ бўлишнинг кўринишлари

(Эй инсон), Парвардигоринг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шавқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)! (Ал-Исро сураси, 23-24-оятлар).

Аввало, Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши  дуолар қилиши вожибдир.     

Агар мўмин банда ота-онасини ранжитсачи, унга озор берсачи? Унда ота-онасига оқ бўлади, Аллоҳ асрасин. Хўш, ота-онага оқ бўлишнинг кўринишлари қандай? Қуйида батафсил танишасиз:       

  1. Хоҳ сўз билан, хоҳ амал билан бўлсин, Уларни йиғлатмоқ, хафа қилмоқ.
  2. Овозни кўтариш ва қўпол гапириш билан уларга ўдағайламоқ, дўқ-пўписа қилмоқ.
  3. Уларнинг ишларидан уф тортиб, сиқилмоқ.
  4. Уларнинг олдида қовоқ солиб, пешонани тириштирмоқ.
  5. Ота-онага беписандлик ва таҳқир билан қарамоқ.
  6. Уларга иш буюрмоқ.
  7. Она тайёрлаган таомни танқид қилмоқ.
  8. Уй ишларида уларга ёрдам бермаслик.
  9. Улар сўзлаётганда юзни бурмоқ.
  10. Уларнинг фикрларини кам ҳисобга олмоқ.
  11. Уларнинг ҳузурига кириш чоғида изн сўрамаслик.
  12. Уларнинг олдида муаммоларни сўзламоқ.
  13. Ота-онага одамлар олдида таъна қилиш, уларни ҳақоратлаш, айбларини айтиш.
  14. Уларни сўкиб, лаънатлаш.
  15. Ота-онанинг обрўсини тўкмоқ.
  16. Кўп талаблар қўйиб, уларга юк бўлмоқ.
  17. Ота-онадан кўра хотинга хизмат қилишни муқаддам қўймоқ.
  18. Муҳтожлик, ёки кексалик чоғларида уларни ёлғиз қолдирмоқ.
  19. Уларга бўлган бўйнидаги масъулиятдан тонмоқ, улар зикр қилинишидан, ёки уларнинг фарзанди бўлганидан ҳаё қилмоқ.
  20. Уриш билан уларга тажовуз қилмоқ.
  21. Уларни қариялар уйига ташламоқ
  22. Агар улар баъзи бир гуноҳларга аралашиб қолсалар, улардан воз кечмоқ, уларга яхшилик қилишни, насиҳат қилишни тарк этмоқ.
  23. Уларга бахиллик, хасислик қилмоқ.
  24. Уларга қилган яхшиликларини миннат қилмоқ
  25. Уларнинг молидан берухсат олмоқ
  26. Улар олдида “оҳ-воҳ” қилиб дардларини достон қилмоқ.
  27. Уларнинг ўлишини орзу қилмоқ.
  28. Уларни ўлдирмоқ, улардан қутулишга ҳаракат қилмоқ

 

Шуларнинг баарчасидан ва бундай амалларни қилишликдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин! Мусулмон фарзанди доимо юқоридаги кўриниш ва амаллардан эҳтиёт бўлиб, улардан ўзини тийиб яшамоғи лозим!

 

Иброҳим Ҳозимийнинг

ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

9.01.2025   2877   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.