سُبحَانَكَ اللهم وبحمدك وتبارك اسمُكَ وتَعَالى جَدُّكَ ولا إله غيرك
“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук”
“Аллоҳим! Сенга ҳамд айтган ҳолда Сени пок деб ёд этаман. Исминг муборакдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир!”
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришганда: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук”, дер эдилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
“Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”
“Ё Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласини раҳмат этганинг каби, Муҳаммад ва ул зотнинг оиласини ҳам раҳмат эт, Сен ҳамду мақтовга лойиқ улуғ Зотсан. Ё Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласини муборак этганинг каби Муҳаммад ва ул зотнинг оиласини ҳам муборак эт. Сен ҳамду мақтовга лойиқ улуғ Зотсан”.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلاَمِ وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الإِيمَانِ
“Аллоҳуммағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсанаа. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу миннаа фа аҳйиҳи аълал Ислам ва ман таваффайтаҳу миннаа фатаваффаҳу аълал ийман”
“Аллоҳим! Тиригимизни ва ўлигимизни, ҳозиримизни ва ғойибимизни, кичигимизни ва каттамизни, эркагимизни ва аёлимизни мағфират қилгин. Аллоҳим! Биздан кимни яшатсанг, Исломда яшатгин. Биздан кимни вафот эттирсанг, иймонда вафот эттиргин”.
Абу Иброҳим Ашҳалий отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитга жаноза намоз ўқисалар: “Аллоҳуммағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсанаа”, дер эдилар».
Яҳё айтади: «Менга Абу Салама ибн Абдурраҳмон Абу Ҳурайрадан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шунга ўхшашни ривоят қилиб айтиб берган. Унда “Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу миннаа фа аҳйиҳи аълал Ислам ва ман таваффайтаҳу миннаа фатаваффаҳу аълал ийман”ни зиёда қилган» (Имом Термизий ривояти).
Агар маййит балоғатга етмаган бола ёки мажнун бўлса, юқоридаги дуонинг ўрнига ушбу дуо айтилади:
اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ ذُخْرًا وَشَافِعًا مُشَفَّعًا
“Аллоҳуммажъалҳу ланаа фаратон важъалҳу зухрон ва шаафиъан мушаффаъан”
“Аллоҳим! Уни бизнинг боришимизга фарат (ҳавзи кавсар сувини тайёрлаб кутиб олувчи), захира қилгин. Шафоатчи ва шафоати қабул қилинувчилардан қилгин!”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Мен уйланган эдим. Аёлим паст бўйли, нимжон қоматли ва менга нисбатан кичик жуссали эди.
Мен эса Аллоҳни инояти ила спортчиларга хос қоматга эга, мушакларим бақувват ва салобатли эдим.
Хотинимнинг бўйи пастлиги учун мен унга кўп маротаба ҳазил-мазаҳ қилиб жиғига тегар, унинг устидан кулар эдим. Масалан, баъзан бирор нарсанинг ортига яшириниб олиб, у келганда қўққисдан олдида пайдо бўлиб қўрқитар эдим. Баъзан эса, унинг кундалик хотираларини қайд этиб борадиган дафтарини олиб, бўйи етмайдиган жойга қўйиб қўяр эдим ва бўйи пастлиги учун ололмай қийналаётганини кўриб ҳузурланиб кулар эдим.
Гоҳида телевизор кўраётганида, гоҳида эса, кечки овқатни тайёрлаётганида уни ҳар хил усулларда безовта қилиб ҳазил-мазаҳ қилар эдим.
Мен ҳазиллашиб уни безовта қилишни жуда яхши кўрар эдим, чунки унинг мендан қасос олишга урингани, лекин бунга кучи етмаганини кўриш ҳам менга завқ бағишлар эди.
Аввал бошида хотиним бундан ёқимли кайфият олганини кўрар эдим. Лекин вақт ўтиши билан у менинг болаларча қилиқларимдан безиб қолаётганини сеза бошладим.
Бир куни ишга бориш учун уйқудан эрта турдим. Қарасам, у нонушта тайёрлаётган экан. Ҳар доимгидек, уни ҳазиллашиб қўрқитдим. Шунда у қаттиқ қўрқув билан:
— Бу гал кечқурун уйга қайтганингизда, мени топа олмайсиз, — деди.
Мен уни ҳазиллашаяпти деб ўйладим, чунки ҳар сафар уни қўрқитганимда у шунақа таҳдид қилар эди.
Бироқ кечқурун уйга қайтиб келганимда, у йўқ эди. Уни чақирдим, у жавоб бермади. Яна ва яна чақирдим, аммо у ҳеч нарса демади.
Ҳамма ерни қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Охири ошхонага кириб, бир қоғозга кўзим тушди. Унда:
— Ўзингизни асранг, мен энди қайтмайман, — деган ёзувни кўрдим.
Шунда оёқларим бўшашиб, боса олмай қолдим. Бутун бошли танам қувватсизланиб, ўтириб қолдим, ўзимни ҳудди устимдан муздек сув қуйгандек ҳис қилдим.
Ўша пайтда мен дунёдаги энг заиф инсонлардан бирига айландим.
Ўша кичиккина жуссали, нозиккина хотиним менинг асосий қувват манбаим бўлганлигини, усиз мен ҳеч ким эмас эканлигимни англадим.
Деворга суянганча ўтириб, ҳудди онасини йўқотган гўдак боладай йиғладим...
Бир пайт овқатланиш столи остида қандайдир нарса қимирлаётганини кўриб қолдим ва ўша ердан паст овоздаги кулги эшитилди.
Ҳа, у эди! У ўша ерга яшириниб олган экан.
Шунда мен унга ўзимни отдим ва уни қаттиқ бағримга босиб қучоқлар эканман, кўзларимдан шашқатор ёш оқар эди.
У эса мени қўрқитишни уддалай олганидан қувониб ўзини кулишдан тия олмас эди.
Шундай қилиб, ўғрини қароқчи урди деганларидек, ўзимнинг ҳийлам ўзимга қарши ишлади. Шундагина тушундимки, ўша кучсизгина аёлимсиз мен дунёдаги энг заиф инсон эканман.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ