Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз саҳифаларига масжидда, ошхонада ўтирган, дам олишга турли жойларга борганларининг расмларини жойлашади. Уларнинг қалбларини биз билмаймиз. Аммо риё, мақтаниш каби иллатлардан эҳтиёт бўлишга чақирамиз.
Саҳифамга масжидда ўтирганимнинг расмини қўймаганим, масжидга бормаслигимни англатмайди!
Болаларимнинг Қуръон, намоз ўқиб ўтирган расмларини саҳифамга қўймаганим, менинг болаларим Қуръон тиловат қилмайди, намоз ўқимайди деганим эмас!
Овқатланиб ўтирганимнинг расмини қўймаганим, ошхона ва кафеларга бормаслигимни, умуман овқатланмаслигимни англатмайди!
Туркия, Дубай, Бали каби жойлардаги денгиз бўйларида, яхталарда турган расмимни саҳифамга жойламаганим, у ерларга бормаслигимни англатмайди!
Оиламиз суратини саҳифамга жойламаганим, бу дунёда бир ўзим ёлғиз яшашимни англатмайди!
Еб ўтирилган музқаймоқ расмини саҳифамга қўймаганим, оилам ёки дўстларим билан музқаймоқхўрлик қилмаслигимни англатмайди!
Болаларимнинг истироҳат боғидаги расмларини саҳифамга қўймаганим, болаларимни истироҳат боғларига олиб бориб, уларнинг кўнгилларини кўтармаслигимни англатмайди!
Мен фақат риё ва мақтанчоқлик бўлиб қолишидан, амалларимнинг савобидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқаман!
Дам олиш учун Туркия, Дубай, Бали, Анталия, Иссиқкўл каби жойларга, овқатланиш учун турли ошхона ва кафеларга, шунингдек, фарзандлари билан истироҳат боғларига бора олмайдиган кишиларнинг диллари ўксиб, оғриб қолишидан, қолаверса, оиламга, болаларимга кўз тегишидан, кимларнингдир ҳасад қилишидан қўрқаман.
Азизлар, кун давомида нималар қилганимиз, қаерларга борганимиз, кимлар билан учрашганимиз, нималар деганимиз, нималар еганимиз акс этган расмларни тармоқларга жойлайверишни тўхтатайлик!
Амалларимизга риё аралашишидан сақланайлик! Зеро, амалларга риёнинг кириб қолиши чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир.
Ён-атрофимиздаги ночор, бефарзанд, камхарж ҳамда оиласиз кишиларнинг дилларини оғритиб қўйишдан эҳтиёт бўлайлик!
Ахир динимизда қўшниларга озор бермаслик, агар таомидан қўшнисига ҳам чиқармайдиган бўлса, таомнинг ҳидини имкон борича уларга сездирмаслик, қозонга капгирни қаттиқ урмаслик, агар қўшнисининг болаларига ҳам ширинликдан улашмайдиган бўлса, у ҳолда фарзандининг қўлига ширинлик бериб кўчага чиқармаслик каби кўрсатмалар келган-ку!
Бизнинг ёзганларимизни ҳар куни ўқийдиган, постларимиздан кунда хабардор бўлиб борадиган ижтимоий тармоқлардаги дўстларимиз ҳам бизнинг қўшниларимиз ҳисобланади. Демак, қўшниларга озор бермаслик борасида уларни ҳам эътиборга олишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизнинг фаросатимизни зиёда айлаб, риё, манманлик ва мақтанчоқлик каби иллатлардан асрасин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.