Мард ва жасур, ғужурли (юрагида ўти бор, бир ишга жазм қила оладиган) Мовароуннаҳр эркакларини дунёга танитган сифатларидан бири бу – Ориятдир. Миллион йилдан бери қуёш Шарқдан чиққани каби шунча йилки шарқ эркакларининг ҳамияти, ор номуси тилларда достон бўлиб келмоқда. Аммо...
Айни кунларда, интернет тармоғида айланаётган бир видеолавҳа ҳаммани диққат эътиборини тортди – “Куёв салом”.
Аллоҳ таола эркакларни улуғлаб, уларга хосланган баъзи оятларни ҳам нозил қилган. Жумладан, “Нисо” сурасининг 34-оятида шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар”.
Оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча ҳаракатлар ҳам эркак киши зиммасида. Хўш, бугун ҳатто келинларга уламолар томонидан ман этилиб, қайтарилган тўйдаги эгилиб салом беришни, Аллоҳ “раҳбар қилиб қўйдим” деган эркак ўзига раво кўриб, сузилиб, етти букилиб, меҳр билан қилаётган бу шармандали эгилишлари, мусулмонлар учун мусибат эмасми? Албатта, мусибат. Келинг, мазкур ҳолатни қуйидаги тамойиллар асосида шарҳлаймиз:
Аввало, шариатимиз қўл бериб кўришишга рухсат берган. Аллоҳ таолонинг ибодатини қилаётган ҳолатдаги кўринишлардан: рукуъ, сажда каби ҳаракатларни Аллоҳ таолодан ўзгалар олдида қилишдан қайтарган.
Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ “Аҳкамул Қуръан” китобидаги салом бериш вақтидаги эгилишнинг ҳукми тўғрисида келган фаслда шундай дейди:
“Салом бераётган вақтда эгилиб салом беришдан қайтарилган. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?” деб сўрадилар. Шунда у зот “Йўқ” дедилар (“Мажаллатул буҳусил исламия”).
Демак, инсоннинг инсонга икром ниятида қилган таъзими инсоннинг Аллоҳга қиладиган ибодат таъзими суратида бўлмаслиги керак.
Ҳозирги кунимизда ҳам ўзбекларнинг одатларига қўшилиб кетган баъзи бир урфлар бор. Масалан, “келин салом”даги келиннинг бошқаларга таъзим қилиши ҳам худди намозда Аллоҳ таолога рукуъ қиладиган даражада эгилишга ўхшайди. Келиннинг бошқаларга таъзим шаклидаги саломи халқимизнинг чиройли ва ўзига хос одатларидан бўлсада, таъзимда рукуъ даражасигача эгилмасликка эътибор қаратиш, шарт!
Аслида, келин саломнинг ўзи ҳам бидъатлардан биридир. Бу ҳақда фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ўзларининг “Зикр аҳлидан сўранг” китобларида шундай баён қилганлар: “Ҳозирги кундаги бизнинг урфимизга кирган келин саломлар ҳаром амал ҳисобланади. Шунга мажбур қилаётганлар ҳаромга тарғиб қилиш ва мажбур қилиш ҳисобланади. Гап бу ерда салом беришда эмас, балки Аллоҳга рукуъ қилгандек бандаларга рукуъ қилишда. Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат деб белгилаган ишларни масалан сажда, қурбонлик ва ҳоказоларни бандалари учун қилишни ҳаром қилган. Валлоҳу аълам!”
Демак, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин инсоннинг нафақат тўйда балки, ҳаётий фаолият давомида ҳам ўзгаларга таъзим қилиб салом бериши мутлақо мумкин эмас.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).
Хўш, “куёв салом”лардаги эркаклар ўзларини аёлларга ўхшатишмаяптими? Ахир, нотўғри бўлсада бугунгача фақат келин саломларнигина гувоҳи бўлар эдик-ку. Бу шоввозлар янгилик қиламан деб, билиб-билмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига учраб қолмаяптимикан? (Аллоҳ асрасин).
Динимизда оила раҳбарлиги Аллоҳ томонидан эркак киши зиммасига юклатилгани ҳақида юқорида таъкидлаб ўтдик. Куёв бўлмиш никоҳдан сўнг аёли ва фарзандларининг тўлиқ моддий-маънавий таъминотини қилиши шарт. Шундай масъулиятни бўйнига оладиган йигитнинг тўйи куни қайнотасига, қайнонасига, амакисига, тоғасига такрор ва такрор то “совға” олмагунича эгилиб-букилиб салом бериши таъмагирликнинг ўзгинаси эмасми?! Бундайларнинг келажакда хотинга қарам бўлиб, қайнотанинг пулига кўз тикмаслигига ким кафолат беради? (Афсуски, бугун шунақа тоифадаги “куёв”лар кўпайиб кетди). Қолаверса, ақлли, эс-ҳуши жойида ота-она “куёв салом” қилаётган йигитга ҳурмат билан қарармикан...
Бора-бора мазкур ҳолат куёв томоннинг келин томон олдида беобрў бўлишига олиб келиши тайин.
Афсус...
Наҳотки, Бухорий ва Термизийлар юртида ор-номуси ўзидан устун, иймони жонидан азиз бўлган мусулмон, ўзбек ўғлонлари бошида дўппи билан, қўли кўксида, нозу-карашмалар ила “куёв салом” қилиб турса.
Наҳотки, ёши бир жойга борган, 3-4 та боланинг отаси бўлган эркак, “куёв салом”ни худди келин янгалардек куйлаб турса.
Наҳотки, қадамидан ўт чақнайдиган нордек йигит куёвнинг ёнида “дугона”сини эгилтириб-эгилтириб салом қилдирса.
Наҳотки, соқоли кўксига тегадиган отахонлар эса бу ҳолатдан мамнун ва хурсанд бўлиб “куёв салом”ларни қабул қилишса.
Наҳотки, мўмин-мусулмонлар, ўзбекман деб кўксига ураётганлар ушбу андишасиз, уятсизларнинг қилаётган беҳаёликларини қайтариш ўрнига, телефонларига тасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга тарқатса.
Наҳотки, ота-она фарзандининг бидъат ва нотўғри амалига рози бўлса.
Наҳотки, муслима қизлар шундай йигитларга ҳаётини, ор-номусини ишониб топширса.
Наҳотки...
Ҳурматли эркаклигидан фахрланадиган йигитлар! Ўзингизга берилган мартаба ва даражани асло балчиққа булғаманг. Эркаклигингизча қолинг! Никоҳнинг илк кунлариданоқ янги келин олдидаги ҳурматингизни йўқотманг! Ўзингизга ва аҳлингизга мусибатни “сотиб олманг”!
Азизлар, мўмин – мўминга ойнадир. Мусулмонлар бир-бирларининг хатоларини тўғирламоғи ва адашганларни тўғри йўлга бошламоғи лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор ножўя иш қилаётганни кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг, бунга кучингиз етмаса, тилингиз билан қайтаринг. Бунга ҳам имкон топмасангиз, ҳеч бўлмаса, кўнглингизда у ишга норози бўлинг, ана шу иймоннинг энг заиф даражасидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло эркакларни Ўзи рози бўладиган тақво, шижоат ва мардлик, аёлларни эса мўътабар муслима ҳолида бўлишлигини насиб этсин!
Саидаброр Умаров
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ