Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яқин фурсатларда азиз ватандошларимиз, ота-оналаримиз Исломнинг бешинчи устуни ва фарзи саналмиш Ҳаж амалларини бажариб бағримизга қайтишади. Улардан дуо олиш, Байтуллоҳ, Арафот, Мино ҳақида, шунингдек жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳамда равзалари хусусида эшитиш мақсадида узоқ яқиндан қариндош-уруғ, танишу-нотанишлар, ҳожиларнинг зиёратига чоғланади. Табиийки, урф-одатларимизга кўра ҳожиларни кутиб олиш учун дастурхонлар ёзилади. Аслида, халқимиз "ҳожи тўй" деб атайдиган бундай йиғинлар динимизда мавжуд эмас. Шундай бўлсада сўнгги пайтларда "ҳожи чақирди" ва "ҳожи тўй"лар йил сайин кўпаймоқда. Мазкур зиёфатларнинг эса фойдали жиҳатларидан кўра зарарли оқибатлари кўпроқ. Жумладан, уламолар агар ҳожи ҳажга борганлигини халққа овоза қилиш ва шу орқали шуҳрат топишни кўзлаб меҳмон чақириб йиғин қилса бу албатта РИЁДИР деганлар.
"Ҳожи тўй"ларнинг яна бир салбий жиҳати ундаги исрофгарчилик ва зиёфатда ҳаддан ошишдир.
Динимизда ҳар қандай амалда мўътадилликка риоя этиш тарғиб қилинади, исрофгарлик эса қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
«Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида — мўътадилдир» (Фурқон сураси, 67-оят).
Демак, ҳожиларимизни кутиб олар эканмиз, манманлик, кибр ва мақтаниш билан, "одамлар кўриб қўйсин ҳожи бўлганимни" ёки "ота-онамни ҳожи бўлганлигини ҳамма билсин" деган фикрлардан йироқ бўлиб, исроф, такаббурлик ва ғурурдан холи, Аллоҳ таолонинг шариати ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига мос равишда амалларини кўпайтириш ҳақиқий ҳожиларга хосдир. Чунки, Ҳаж амалини бажариб эсон-омон ватанига қайтган мусулмон ўзгаларга ибрат ўлароқ ҳаёт кечирмоғи, тақводор кишилардек амал қилмоғи лозим.
Саидаброр Умаров
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.