Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яқин фурсатларда азиз ватандошларимиз, ота-оналаримиз Исломнинг бешинчи устуни ва фарзи саналмиш Ҳаж амалларини бажариб бағримизга қайтишади. Улардан дуо олиш, Байтуллоҳ, Арафот, Мино ҳақида, шунингдек жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳамда равзалари хусусида эшитиш мақсадида узоқ яқиндан қариндош-уруғ, танишу-нотанишлар, ҳожиларнинг зиёратига чоғланади. Табиийки, урф-одатларимизга кўра ҳожиларни кутиб олиш учун дастурхонлар ёзилади. Аслида, халқимиз "ҳожи тўй" деб атайдиган бундай йиғинлар динимизда мавжуд эмас. Шундай бўлсада сўнгги пайтларда "ҳожи чақирди" ва "ҳожи тўй"лар йил сайин кўпаймоқда. Мазкур зиёфатларнинг эса фойдали жиҳатларидан кўра зарарли оқибатлари кўпроқ. Жумладан, уламолар агар ҳожи ҳажга борганлигини халққа овоза қилиш ва шу орқали шуҳрат топишни кўзлаб меҳмон чақириб йиғин қилса бу албатта РИЁДИР деганлар.
"Ҳожи тўй"ларнинг яна бир салбий жиҳати ундаги исрофгарчилик ва зиёфатда ҳаддан ошишдир.
Динимизда ҳар қандай амалда мўътадилликка риоя этиш тарғиб қилинади, исрофгарлик эса қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
«Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида — мўътадилдир» (Фурқон сураси, 67-оят).
Демак, ҳожиларимизни кутиб олар эканмиз, манманлик, кибр ва мақтаниш билан, "одамлар кўриб қўйсин ҳожи бўлганимни" ёки "ота-онамни ҳожи бўлганлигини ҳамма билсин" деган фикрлардан йироқ бўлиб, исроф, такаббурлик ва ғурурдан холи, Аллоҳ таолонинг шариати ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига мос равишда амалларини кўпайтириш ҳақиқий ҳожиларга хосдир. Чунки, Ҳаж амалини бажариб эсон-омон ватанига қайтган мусулмон ўзгаларга ибрат ўлароқ ҳаёт кечирмоғи, тақводор кишилардек амал қилмоғи лозим.
Саидаброр Умаров
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, «Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», дер эдилар («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).
Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан, ҳар бир мусулмон келин-куёвнинг тўйлари муносабати ила уларни табриклаш пайтида ҳақларига Аллоҳ таолодан хайр-барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиши керак.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ақийл ибн Абу Толиб Бану Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга «Муроса ва болалар ила», дейилди. Шунда у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди (Насаий ривоят қилган).
Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйлангани муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. У киши розияллоҳу анҳу, Набийимиз алайҳиссалом янги уйланган одамни қандай сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундай табрик қилинглар, деб ўргатдилар.
Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб, мени ҳовлига олиб кирдилар. Қарасам, ансорий аёллар уйнинг ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамизнинг тўйлари Мадинаи Мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абдушамс розияллоҳу анҳонинг ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ Мадина аёллари ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўрганлари заҳоти у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.
Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳо Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кириб, ўтқазганлар ва:
«Мана бу – аҳлингиз, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ сизга буларни муборак қилсин», – деганлар.
Демак, келин-куёвни кўрган киши дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб дуо қилиши керак экан.
"Бахтиёр оила" китобидан