Шу йил 26-27 январь кунлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳромиддин домла Разов Тўрткўл туманида бўлиб, масжидлар фаолияти билан танишиш, жамоатга жума мавъизасини қилиб бериш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби бир қанча ишларни амалга оширди.
Дастлаб Баҳромиддин домла “Мулла Жумабой” масжидида жамоатга “Омонатдорлик – Абу Убайда ибн Жарроҳ тимсолида” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб берди. Суҳбат давомида элимизда ҳукм сураётган тинчлик-ҳотиржамликнинг қадрига етиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг илм ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклаши борасида ҳам сўз юритди.
Жума намозидан сўнг Қози домла “Меҳр ҳаракати” доирасида “Ўзбекистон” ва “Тинчлик” маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиб, ҳомийлар кўмагида уларга озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.
Ташриф давомида Баҳромиддин домла туманда қайта қурилётган “Мунтук бобо” ва “Шорахан” масжидлари қурилиш жараёнини кўздан кечириб, Қорқалпоғистон қозиёти номидан унинг қурилишига яқиндан ёрдам бераётган инсонларга миннатдорлик билдириб, ҳақларига дуои хайрлар қилди. Шунингдек, мазкур масжид ходимлари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ва қатор топшириқлар берди.
27 январь куни эса ушбу туманнинг олис ҳудудида жойлашган “Мискин бобо” ва “Жанбасқалъа” масжидларида бўлиб, соҳа ходимлари ва намозхонларга қилинган шароитлар билан танишди.
Қози домла хизмат сафари давомида Тўрткўл тумани бош имом-хатиби Дўстназар домла Қиличовга қурилиши бўлаётган масжидлардан хабар олиб туриш, берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди
Қорқалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан