"Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур" (Шуаро сураси, 80-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам – ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликларга ва иситма чиққанида:
“Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил аъзийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар”
“Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти.)
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.