2019 йил 12-август куни Қироллик саройида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳурматли кишилар, Икки муқаддас масжид меҳмонлари, ҳукумат амалдорлари, делегация раҳбарлари ва зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган идора раҳбарлари учун қабул маросимини ўтказди.
Мазкур тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси, «Ҳаж-2019» ишчи гуруҳи раҳбари Ж.Акрамов, Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчиси У.Мақсудов ҳамда қирол меҳмони сифатида Н.Нодиров иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тадбирда Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд нутқ сўзлаб шундай деди:
- Худо Саудия Арабистони Подшоҳлигини Икки муқаддас масжидга ва Раҳмон меҳмонларига(ҳожилар) хизмат қилиш билан шарафлади, бу биз учун ғурурдир. Қирол Абдулазиз давридан бошлаб, то бугунгача дунё мусулмонлари Ҳаж ибодатини қулай шароитларда, мукаммал адо этишлари учун барча куч ғайратимизни сарфлаяпмиз.
Аллоҳдан амалларингизни қабул бўлишини, эсон-омон ўз юртингизга етиб олишингизни сўрайман.
Шунингдек, тадбирда Ҳаж ва Умра вазири доктор Муҳаммад Солиҳ бин Таҳер Бинтин сўзга чиқиб, зиёратчилар ва бутун дунё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклади.
У ўз нутқида дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан келган, тили, ирқи, ранги ҳар хил бўлган 170 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат 3 миллионга яқин инсон Арафотда ҳозир бўлганини, уларнинг учдан бир қисми 70 ёшдан ошган қариялар эканини айтиб ўтди.
Тадбирда шаҳзода Муҳаммад бин Салмон назорати остида ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажариш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи Қиролликнинг доимий эътиборида экани таъкидланди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.