Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ
“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир” (Нисо сураси, 78-оят).
Ҳа, ўлим келиши ҳақ бўлган нарсадир. Банда бу ҳақиқатни доим эсида сақлаб, бир кун келадиган ўлимга гўзал амаллар билан ҳозирлик кўриб юриши керак.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига ўлимни кўп эслаб туришимизни тавсия этганлар. Зеро, ўлимни кўп эслаш солиҳ амалларни кўпроқ қилишга сабаб бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Лаззатларни вайрон қилувчи ўлимни кўп эсланглар!” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Нега баъзи кимсалар ўлим ҳақида гаплашишни ёқтиришмайди? Ўлим мавзусини очсангиз, «Ўлимдан гапирманг. Бошқа мавзуда гаплашайлик» дейишади. Чунки, улар дунёни обод қилишга қаттиқ берилиб, қабрни обод қилишни унутиб қўйишган. Шунинг учун обод уйдан хароба уйга боришни ёқтиришмайди. Агар дунёга эътибор берганчалик қабр ҳаётига ҳам эътибор қаратганларида, ўлим деган ҳақиқатга гўзал тайёргарлик кўрганларида, ўлимни ва у ҳақидаги суҳбатни ёмон кўришмаган бўларди.
Ўлимга тайёргарлик деганда кафанлик, атир, совун олиб қўйиш, қабр кавлатиб қўйиш, ғассолни гаплашиш кабиларни эмас, балки, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб, маънавий таёргарликни тушунамиз. Чунки, моддий нарсаларни бошқалар олиб, барибир, бизни кафанлашади, дафн этишади.
Бизга қабримизда ас қотадиган нарса кафан эмас, балки, солиҳ амалларимиздир. Мана шу солиҳ амалларни қилиб, қабримизни обод қилишга уриниб, ўлимни доим ёдимизда тутсак, обод уйдан обод уйга кўчиб ўтишимизни англаймиз ва ўлим ҳақида гаплашишдан қочмайдиган, аксинча, ўлим ҳақида кўпроқ гаплашишни хоҳлайдиган ва шунга яраша чиройли амалларни қиладиган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизнинг хотимамизни гўзал айлаб, иймон билан вафот этишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар.
(Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).