1961 йилда Тунис президенти Ҳабиб Бурқиба ишчиларга қарата қилган нутқида, ишлаб чиқаришни орттириш учун Рамазонда оғиз очишни, рўза тутмаслик кераклигини айтади ва бу масалани аввало ўзи амалда бажариб, Рамазоннинг кундуз куни телевиденияда шарбат ичиб кўриниш беради. Кейин бу гапига одамларни ишонтириш учун фатво қидиришга тушади, уламолардан ушбу масалада фатво чиқаришларини талаб қилади.
Ўша пайтда Тунис уламоларининг забардаст икки вакили – Шайх Абдулазиз Жуаййит (1960 йилгача Тунис бош муфтийси бўлганлар) ҳамда Зайтуна университети катта устози, Тунис бош муфтийси Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳимо Бурқибанинг “рўза тутиш ишлаб чиқаришни камайтириши” ҳақидаги даъвосини рад этадилар, у истаган фатвони чиқаришдан бош тортадилар.
Кейин Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур ҳазратлари эфир орқали чиқиш қилиб, сўзларини Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”, деган 183-оятини ўқиш билан бошлайдилар ва “Аллоҳ рост айтди ва Бурқиба ёлғончи! Аллоҳ рост айтди ва Бурқиба ёлғончи! Аллоҳ рост айтди ва Бурқиба ёлғончи!” деб уч бор таъкидлайдилар. Шундан сўнг Рамазонда узрсиз оғиз очиш ҳаром экани, ким шу ишни қилса, диндаги заруратан маълум нарсани инкор қилган бўлиши ҳақида фатво берадилар ҳамда Бурқибанинг “Рўза ишлаб чиқаришни камайтириши” ҳақидаги даъвосини ботил қиладилар.
Шайх Абдулазиз Жуаййит эса “Рамазонда оғизни очишга рухсат берувчи узрлар” номли фатволарини тақдим этадилар. Унда Рамазон ойида оғзини очишга Қуръон оятига кўра беморлар, мусофирларга рухсат берилиши, соғлом ишчилар эса рўза тутишлари вожиб экани, кишининг чарчашига, толиқиб, ишга ярамай қолишига рўза эмас, балки кечаси кам ухлаш, керагича дам олмаслик сабаб эканини баён қиладилар.
Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур ҳамда Шайх Абдулазиз Жуаййитнинг бу фатволаридан кейин Тунис ҳукумати гунг (соқов) бўлиб, мазкур даъвосидан ортга чекинди.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД