Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафини талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги Қарорига ва 2019 йил 25 июндаги 01-07/44-7-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлиси”нинг Баённомасида кўрсатилган 1-2-бандларининг ижроси юзасидан “Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагнинг ҳавони тозалаб, намликни бир меъёрда таъминлаб турувчи ускунасининг хизмат қилиш муддати тугагани туфайли 2019 йилнинг 5-6 август кунлари ушбу ускуна янгисига алмаштирилди.
Алмаштириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Толибов Маъмур, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти биология фанлари номзоди Махсумхонов Аҳмаджон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Масаитов Саиджамол, Германия Федератив Республикасидан келган мутахассис Маер Себастиан (Maier Sebastian), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири Маҳкамов Камолиддин ва етакчи мутахассиси Икрамов Саидраҳматлар иштирок этдилар.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “Мўйи Муборак” музейида сақланаётган “Усмон Мусҳафи” ва унинг ватанимиз тарихи ва келажагида тутган муҳим аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.
“Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагга ўрнатиш учун олинган RK-2/5 русумли ускунани Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Германиянинг GLASBAU HAHN фирмаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, германиялик мутахассис Майер Себастиан ўзи билан олиб келиб, жорий йилнинг 5 август куни юқорида номлари зикр қилинганлар иштирокида ўрнатди.
Мутахассис Майер Себастиан 6 август куни янги ўрнатилган RK-2/5 русумли ускунани ишлаш жараёнини назорат қилди. Ускуна талаб даражасида ишлаётганига амин бўлганидан сўнг, Мусҳафнинг сақланишида масъул бўлган кишиларга ускуна ишлаш жараёнидаги талабларни тушунтириб, уларга ускунани ишлатиш йўриқномасини топширди.
Германиялик мутахассис GLASBAU HAHN фирмаси талабига мувофиқ саркофагнинг хизмат қилиш муддати тугаган эски RK-2 русумли ускунасини ўзи билан олиб кетди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади