Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқиш суннатлигини нотўғри тушуниб, қурбон ҳайитида куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга улар ушбу кун саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бу нотўғридир. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амаллардандир. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
Саҳобалар: “Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин”, деб бир-бирларини ийд билан табриклашарди.
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД