Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Айтилган гап – отилган ўқ, ёхуд ислом шиорлари ҳақида нотўғри маълумот тарқатаётганларга муносабат

7.08.2019   4232   7 min.
Айтилган гап – отилган ўқ, ёхуд ислом шиорлари ҳақида нотўғри маълумот тарқатаётганларга муносабат

Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлса, маънан миллий қадриятларга, маърифатга шунчалик эҳтиёж сезади. Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.

Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. “Ўргимчак тўри” шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.

 

Аммо... мақола асоссиз, миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган бўлса-чи...
 
Яқинда газеталардан бирида чоп этилган танқидий мақолани ўқиб, очиғи, ҳафсалам пир бўлди. Чунончи, бугун мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида оммавий ахборот воситалари эркинлиги таъминланиб, халқнинг чинакам минбарига айлантирилаётган бир пайтда, асоссиз “шов-шувлар” кетидан қувиб, ўқувчиларни чалғитиш, муқаддас динимизнинг софлигига путур етказишни касб қилиб олаётганлар ҳалиям борлиги кишини ўйга толдиради. Мухбирнинг-ку ақли етмагандир, дейиш мумкин. Бош муҳаррир қаёққа қараяпти?!
 
Минг афсуски, сўнгги вақтларда айрим нохушликларни Ислом шиорлари билан боғлаб ёритиш – “масжид бундай бўлди”, “имом ундай бўлди” дейиш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. Булардан мақсад нима? Шундай нобакор йўл орқали, яъни диний қадриятлар шаънига путур етказиш эвазига арзонфуруш мақола билан омманинг эътиборини жалб қилишдан кимга, нима наф?..
 
Хўш, аслида танқид қандай бўлиши керак?
 
Келинг, маърифатпарвар боболаримизнинг ёзганларига қулоқ тутайлик. Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Мажалла (ойнома) ва жаридалар(рўзнома)нинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила “танқид” аталур”, (“Ойна” журнали, 1914 йил 32-сон) деган.
 
Танқид ўринли, асосли, жамиятда урчиган иллатларга муросасиз бўлиш, инсон манфаатларини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш ниятида ёзилган бўлса, халқнинг таҳсинига сазовор бўлиши тайин. Бироқ миллий қадриятларимизга тош отиш, муқаддас динимиз шиорларини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш оқибати ҳалокатлидир.
 
Кўнглидан ўтган фикрни ақл тарозисига солмай, мулоҳаза қилиб пишитмай, динимиз мезонларига риоя қилмай, тайёр хомашё сифатида сохта обрў орттириш илинжида мақолага киритиб юбориш танқид эмас. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина ҳушимизга келамиз.
 
...Айрим мақолаларда келтирилган фактлар масжиддан анча олисда содир бўлган эса-да, сарлавҳага “масжид” сўзи олиб чиқилган. Халқимиз “Аллоҳнинг уйи” дея меҳр ила улуғлаб, эъзозлайдиган, азизу муқаддас ва табаррук жойни инсон айтишга ҳам уяладиган сўзлар билан ёнма-ён ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йуқ! 
 
Қандай вазифада ишлаши ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш – халқ мутлақо кечирмайдиган қинғирлик. Айрим кишилар матбуот соҳасидаги эркинликни суиистеъмол қилиб, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғулар, шарқона одоб-аҳлоқ, миллий-диний анъаналар, ўлмас қадриятлар ва умумбашарий қонун-қоидалар каби олий мезонларга риоя қилмаётганини кузатиб турибмиз.
 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар(талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф сураси, 18-оят), деб баён қилган.
 
Бошқа бир ояти каримада эса: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун(у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят), деб марҳамат қилинади.
 
Ушбу ояти карималардан журналистнинг айтганлари ва ёзганларини кузатувчи фаришталар борлиги, вақт-соати етиб “дафтар кўтарилганда”, бугун ёзганлари эртага ўзларининг фойда ёки зарарига ҳужжат бўлиши, қалам аҳли эшитган нарсасини текшириб кўрмасдан қоғозга туширмаслиги аён бўлади. Ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга солиш мақсадида қасддан Ислом шиорларига боғлаб ёзишдан сақланиш керак.
 
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Демак, эшитган нарсани ёзавериш, билиб-билмай динимизни маломат қилавериш ҳам катта ва оғир жиноят экани ойдинлашади.
 
Ҳаммани лол қолдирадиган ё кенг оммани жалб этадиган материал ёзаман дея, арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, муборак динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди!
 
Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Яратган Парвардигоримиз – Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати шаклланса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъминловчи муҳим омил шу аслида.
 
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Оммавий ахборот воситаларига оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид хабарни тарқатишдан аввал, унинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириш қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”гиҚонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: “Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади”, деб алоҳида кўрсатиб қўйилган.
 
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга шундай муносабатда бўлиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки “кўринмас кучлар”нингнайрангига учишдан бошқа нарса эмас. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун муқаддас динимиз шаънига путур етказаётган кимсаларга етти ўлчаб, бир кесмаса, ишини Худонинг Ўзи тўғрилаб қўйиши мумкинлигини эсларидан чиқармасликларини таъкидлаймиз.
 
Хулоса қилиб айтганда, бугун шуҳратнинг кетидан қувиб, “миш-мишлар”га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний “мен!” устувор. Улар “мен”ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур. Шунда ҳам тийилмаса, уларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя: агар хоҳласа, шу дунёнинг ўзида, хоҳласа, охиратда жазо беради.
 
Илоҳо, ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтганларимизнинг руҳи шод бўладиган, халқимизни хурсанд қиладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
 
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 

ЎзА
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жаҳолатнинг жасорати

27.11.2024   609   2 min.
Жаҳолатнинг жасорати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қишлоқ сайрида дўстларимдан бир гуруҳи бир ўйин ўйнаётганини кўрдим. Улар дарахт шоҳига бўшаган шиша идишни осиб қўйиб, масофадан туриб милтиқ билан мўлжалга олишарди. Мен ҳам уларнинг даврасига қўшилиб мерганликда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.
- Бу нима? Милтиқми? У қандай отилади? Нима қилиш керак? Шишага отиш керакми? Қани, мен ҳам синаб кўрай. Улар то диққатларини жамлаб улгурмай туриб милтиқнинг тепкисини босдим ва шиша парчалари ҳар тарафга сочилиб кетди. 
Буни кутмаган дўстларим эса, ҳайратдан нафаслари ичларига тушиб кетди. Кейин билсам, улар бир соатдан бери шу ишни қила олмаётган экан. Уларнинг орасидаги учтаси мерганлик бўйича мукофот олган, аммо улар ҳам шишани ура олишмаган эканлар.
Бунинг ҳаммасини олдиндан билганимда, албатта, мен ҳам ура олмасдим. Буни, азизларим, жаҳолатнинг жасорати дейилади.

Агар жаҳолатнинг жасорати бўлмаганида, биз ҳеч нарса қила олмасдик, чунки олдиндан мағлубиятни кутиб, ўзимизни ишончсиз ҳис қилардик.
Шунинг учун ҳам ўша америкалик ёш йигит ҳақида ўқиб ҳайрон бўлмадим. У кечикиб лекция залига кириб келиб, тахтани кўрди. У ерда ечимини ҳеч ким топмаган тенглама бор эди.
Ёш йигит уни уй вазифаси деб ўйлаб, кўчириб олди. Уйига қайтиб боргач, кечгача меҳнат қилиб, ниҳоят тенгламани ечди ва эртаси куни ўқитувчига топширди.
Ўқитувчи ҳайратдан ўзига кела олмади ва йигитни чақириб, унга ҳақиқатни айтди: бу тенглама ечимсиз, буни тарих давомида математиклар ҳеч еча олмаган, ўқитувчи эса уни тахтага ечиш имконсиз бўлган тенглама сифатида кўрсатган эди. Аммо ҳақиқатни билмаган талаба уни бир кечада ечди.

Бу ерда бизга жаҳолатнинг жасорати керак, биз ўз олдимиздаги ишнинг қийинлигини ва биздан олдин қанча одамлар мағлуб бўлганини ўйламаслигимиз керак.
Бу муваффақиятга эришишнинг ягона усулидир. Агар биз бошлашдан аввал қўрқувларимизга берилсак, қора итлар келиб, бизни бир қадам ҳам ташлашга улгурмай ёриб ташлайдилар.

— Жаҳолатнинг жасорати ҳақида, Др. Аҳмад Холид Тавфиқ.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

ВИДЕО