Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Май, 2025   |   5 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:18
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:25
Хуфтон
20:50
Bismillah
03 Май, 2025, 5 Зулқаъда, 1446

Тошкент масжидлари тарихини биласизми?

18.08.2023   1181   8 min.
Тошкент масжидлари тарихини биласизми?

Масжид мусулмонлар жамоа бўлиб, биргаликда ибодат қиладиган, хусусан, кундалик, жума ва ҳайит намозларини адо қиладиган маскан ҳисобланади. “Масжид” сўзи намоз ибодатининг асосий рукни бўлмиш “сажда” сўзининг негизида шаклланган бўлиб “сажда қилинадиган жой”, “саждагоҳ” деган маънони англатади.

Диёримизга ислом дини VII аср охирларида кириб келган бўлсада, Марказий Осиё минтақасида илк масжид милодий 713 йили Бухорода эски зардўштийлик ибодатхонаси ўрнида ҳамда Самарқандда ҳозирги “Ҳазрати Хизр” масжиди ўрнида қурилган. Қисқа вақт ичида, маҳаллий иқлим ва қурилиш услублари асосидаги ўзига хос масжид меъморчилиги юзага келиб, бугунгача тараққий этиб келмоқда. VIII аср бошида барпо қилинган дастлабки масжидлар бугунги кунда юртимизда фаолият юритиб турган 2126 та масжиднинг ҳар бирининг тамал асоси бўлиб хизмат қилган, десак муболаға бўлмайди.

Тошкентда дастлабки масжид шаҳар Бинкат номи билан аталган X асрларда бунёд этилгани айтилсада, у даврдаги бирор масжид номи ҳақида маълумот бизгача етиб келмаган.

XIII асрга оид маълумотларда Шош (бу даврда шаҳар шундай аталган) маҳаллаларида минглаб масжидлар бўлгани айтилади.

XVIII асрда Тошкент муҳим ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий шаҳарлардан бири бўлгани сабаб шаҳарда олдингига қараганда кўпроқ масжид фаолият юритган.

XIX асрга келиб шаҳарда Масжидлар сони ортган. Бунинг сабаби бир томондан, шаҳарнинг кенгайиб бориши ва ундаги маҳаллалар сонининг ортиши билан боғлиқ. 1860 йилларда шаҳарда 280-310 та атрофида масжид бўлган. 1876 йилги маълумотда Бешёғоч даҳасида 68 та, Шайхонтоҳур даҳасида 60 та, Кўкча даҳасида 51 та, Себзор даҳасида 10 та Масжид борлигини қайд қилинган.

XX аср бошларига келиб Тошкентдаги масжидлар сони 400 тага яқинлашган. Жумладан, архив маълумотларида 1912 йилда шаҳарда 333 та масжид бўлгани қайд қилинган. Бу даврда Тошкентдаги масжидлар “жоме масжид”, “маҳалла масжиди”, “гузар масжиди”, “мадрасалар таркибидаги масжид”, “мозор-зиёратгоҳлар қошидаги масжид”, “бозор ва расталардаги масжид” каби тоифаларга бўлинган. Бундан ташқари, шаҳарда аҳоли намозгоҳлар ва ийдгоҳларда ҳам жамоат бўлиб намоз ўқиган.

Масжиднинг асосий қисми хонақоҳ, минора, мезана, айвон ва дарвозахонадан иборат бўлган. Тошкентда Баландмасжид, Гулбозор, Ўразалибой, Фўлодбой, Тинчбофий, Шарафибой, Қаффол Шоший мозоридаги жоме масжид, Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди ва бошқа аксарият жоме масжидлар катта гумбазлар билан ёпилган. Жумладан, Баландмасжиднинг гумбази 8 буржли ҳашаматли қилиб ишланган.

Бу даврдаги масжидлар ҳокимлар, амалдорлар, тасаввуф вакиллари, шаҳарлик бойлар ҳамда маҳалла аҳолиси вакиллари томонидан қурилган. Айрим масжидлар эса ўзига тўқ аёллар маблағи эвазига бунёд этилган. Эскижўвадаги “Хотин”, Кўкча даҳасининг “Тугма хотин” масжидлари шулар жумласидан.

Масжиднинг барқарор моддий таъминоти учун вақф мулклари ажратилган. Масжиднинг вақфлари, аввало, масжид қурувчиси, қолаверса, ҳокимлар ва ўзига тўқ кишилар томонидан ажратилган. Масжид вақфлари, асосан, шаҳардаги дўкон ва ерлар ташкил қилган. Масжидга туташ ерда ва Масжид ҳовлиларида ҳам вақф сифатида дўконлар ишга туширилган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, тегирмонлар, обжувозлар, экинзорлар, боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар ва пул маблағлари ҳам эгалари томонидан белгиланган шартлар асосида вақф қилинган. Вақф мулкларини назорат қилиш масжиднинг хўжалик ишларини юритувчиси – мутавалли томонидан олиб борилган. Масжидларда имом, муаззин, мутавалли, йирик масжидларда эса фаррош, сартарош ва қоровул хизмат қилган. Улар масжиднинг вақф мулкидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминланган.

Масжидлар бошқаруви марказлашувининг дастлабки белгилари 1917 йил июнь ойида таъсис этилган “Уламо жамияти” фаолиятида кўзга ташланади. Мазкур жамият рус империалистик сиёсати ва маданиятининг тарғиботи кенг ёйилаётган бир даврда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилишни мақсад қилиб диний муассасалар фаолиятини марказлаштиришда катта роль ўйнаган. Бироқ 1918 йил 13 майда ташкилотининг тугатилиши натижасида 1918-20 йиллар масжидлар фаолиятида беқарор давр бўлган.

1921 йил бошидан Тошкентда ташкил этилган “Диния бошқармаси” (“Маҳкамаи шаърия”) ўлка вақф бошқармаси сифатида кенг кўламда фаолият олиб борган. Бу пайтга келиб Тошкентда фаолият юритаётган масжид сони 1917 йилдагига нисбатан анча кам бўлган.

1925 йилда Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибига киритилгач, динларга, хусусан, Ислом динига бўлган муносабат кескин ўзгарди.

1927 йилда “Дин ва динга муносабат” резолюцияси қабул қилиниши оқибатида динга қарши ташвиқотлар бошланди. Ўзбекистон, жумладан, Тошкент шаҳридаги деярли барча масжид ёпилиб, бинолари бошқа мақсадларда фойдаланишга топшириб юборилди.

1943 йил Тошкентда Эшон Бобохон ташаббуси билан расман Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идораси ташкил этилгач, Тошкент масжидлар фаолияти яна жонланди.

Диний идора томонидан шаҳардаги айрим масжидлар таъмирланди. Тошкентда 1944-46 йилларда қайтадан очилиб ишга туширилган Тиллашайх, Мўғулкўча, Аллон, Чиғатой-Чақар, Маҳкама, Шайх Зайниддин, Қизил Товуш, Саричопон, Хожа Аламбардор, Новза, Яккасарой, Ракат, Қиёт, Мирза Юсуф, Отчопар, Олмазор, Орқакўча масжидлари фаолият юритган.

Бироқ орадан кўп вақт ўтмай яна бутун республика бўйлаб масжидларни ёпиш бошланди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 1951 йилда жоме масжидга қўшиб юбориш йўли билан 8 та масжид ёпилди. Жумладан, Мўғулкўча, Чиғатой, Оқилон, Чақар масжидлари Тиллашайх масжидига, Олмазор ва Маҳкама масжиди Саричопон масжидига қўшиб юборилди. Уларнинг бинолари эса фойдаланиш учун туман ижроия комитетларига берилди. Натижада Тошкент шаҳридаги кўплаб масжид биноларидан кўрлар жамиятлари, турли артелларнинг цехлари, омборхоналари, чойхоналар, ётоқхоналар, клублар сифатида фойдаланилди. 1954 йилда Тошкент шаҳридаги 60 га яқин масжид бинолари турли муассасалар ихтиёрида бўлган ва уларнинг кўпчилиги ўзининг асл ҳолатини йўқотган эди. Айрим масжидлар эса бузиб ташланган.

1960-70 йилларида Тошкент шаҳридаги масжидларнинг кўпчилик қисми харобага айланган ёки уларнинг биносидан бошқа мақсадларда фойдаланиш давом этган, айримларигина тарихий ёдгорлик сифатида сақлаб қолинган. 1966 йилги Тошкент зилзиласи ва шаҳарда олиб борилган қурилиш ишлари жараёнида ҳам кўплаб эски масжидлар бузиб ташланган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг динга ва диндорларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ҳукумат томонидан тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва асл ҳолида таъмирлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида Тошкент шаҳридаги сақланиб қолган масжидлар таъмирланиб, фойдаланишга берилди. Хусусан, Шайх Зайниддин ва Хожа Аҳрор жоме масжидлари айни шу йилларда ўз фаолиятини қайтадан бошлади.

Шу билан бирга шаҳарнинг турли туманларида янги масжидлар қурилиб, ишга туширилди. Айниқса, 2007 йилда Тошкентнинг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши билан Ҳазрати имом мажмуасида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, Хастимом жоме масжиди шарқона услубда қайтадан бунёд қилинди.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида 134 та масжид фаолият юритади. Улар орасида тарихий аҳамиятга эга масжидлардан “Хожа Аҳрор Валий”, “Мўйи Муборак Уккоша”, “Коҳота Бузрук”, “Хўжа Аламбардор”, “Сузук ота”, “Қўйлиқ ота”, “Тўхтабой”, “Эшонгузар”, “Имом ат-Термизий”, “Ҳазрати имом” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Муҳаммадамин НАСРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси

катта ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзликни англаш – маънавият асосидир

03.05.2025   274   7 min.
Ўзликни англаш – маънавият асосидир

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. 
 

Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.


Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.


Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.


Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.


Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.


Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.


Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:


Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.


Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:


Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.


Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.


Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.


Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.


Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:


Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.


Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.


Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.


Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Ўзликни англаш – маънавият асосидир Ўзликни англаш – маънавият асосидир Ўзликни англаш – маънавият асосидир
Ибратли ҳикоялар