Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажаришга ҳозирлик кўраётган юртдошларимиз ҳар куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлмоқда.
Макка шаҳридаги пешин пайтидаги ҳавонинг иссиқлиги ва Ҳарами шарифдаги издихом туфайли ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ҳам намозхоналар ҳозирланган ва зиёратчиларимиз Ҳарами шарифга боролмаган пайтларда намозларини шу ерларда жамоат бўлиб ўқиб олишлари мумкин.
Муфтий ҳазратлари мана шундай намозлардан кейин зиёратчилар билан суҳбат қуриб, ҳар бир зиёратчи ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиши ва ҳожилик мақомига муносиб бўлиши учун нималарга эътибор қаратиши зарурлигини сўзлаб бермоқдалар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Яратганнинг розилиги йўлида, риё ва гуноҳлардан холи бўлган, ҳусни хулқ ила адо этилган мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат экани ва бундай инсон гуноҳлардан пок бўлиши хушхабари берилганини муфтий ҳазратлари баён қилиб бердилар.
Мамлакатимиздаги 33 миллиондан зиёд аҳоли орасидан сараланиб келган ва муқаддас заминда ҳаж ибодатини адо этишга чоғланган юртдошларимиз бундай саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга қут-барака, халқимизга бахт-саодат, фарзандларимизга нурли келажак сўраб дуолар қилмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, муаммо, арз ва таклифларини тингладилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Айрим масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати