Кун ўтгани сайин юртимизда диний соҳада кенг имкониятлар тобора юксалиб бормоқда. Бу Аллоҳнинг биз бандаларига, жумладан, юртимиз мусулмонларига ато этаётган улуғ неъматларидандир. Ана шундай қувонарли воқеалардан бири Навоий вилоятида янги масжиднинг очилиши бўлди.
Шу йилнинг 1 август куни Навоий вилояти Қизилтепа тумани Варозун маҳалласида «Абу Бакр Сиддиқ» номли янги жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев, туман бош имом хатиби Завқиддин Орипов, туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар, имомлар, шунингдек, қишлоқ ва маҳалла фаоллари иштироки этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини янги масжид билан қутладилар ва ушбу масжид мусулмонларнинг дуолари ижобат бўладиган, ёш авлоднинг гўзал ахлоқий фазилатлари шаклланадиган мўътабар маскан бўлишини тилаб, керакли тавсиялар бердилар, хайрли дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло янги масжидни қишлоқ аҳли учун, умуман, вилоят мусулмонлари учун илм-маърифат ва ахлоқий тарбия маскани бўлишини насиб этсин!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Ояти каримада бундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчига ва қўл остингиздагиларга ҳам яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).
Гоҳида қўшниларнинг ҳолидан ғафлатда қоламиз, уларни ҳолидан хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар учун бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақлар бор: кўрганда салом бериш; маслаҳат сўраса, тўғрисини айтиш; акса урса, жавоб қайтариш; касал бўлса, зиёрат қилиш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва ҳоказолар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривояти).
Қўшнилар ўртасидаги яхшиликнинг бир кўриниши – ҳайитларда, қувончли кунлар ва муносиб вақтларда ўзаро ҳадя алмашишдир. Муҳими – қўшнининг ҳадяси нима бўлса ҳам, уни кам кўрмаслик керак бўлади.
Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Икки қўшнимнинг қайси бирига ҳадя берай?” У Зот алайҳиссалом: “Эшиги яқинига”, дедилар – Имом Бухорий ривояти. Бу билан ён қўшнининг ҳаққи ўзгаларникидан кўпроқ бўлишини эслатиб қўйдилар.
Ўзаро таом улашиш ҳам қўшнига яхшилик қилишдандир. Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суюкли Пайғамбарим менга буюрганлар: “Шўрва қайнатсангиз, сувини кўпайтиринг, сўнгра қўшниларингиз аҳлига қараб, яхшилик-саховат билан ундан сузиб беринг” (Имом Муслим ривояти).
Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур.
Мусибат бўлган хонадон аҳлини қариндош ва қўшнилар таом билан йўқлаши ҳам – динимиздаги гўзал суннатлардандир. Жаъфар разияллоҳу анҳу вафот этганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрланглар, уларнинг бошига машғул қилувчи оғир иш тушди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва қўшнилар билан тинч-тотув, аҳил яшашни насиб айласин!
Кенжабой Солиев,
Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими талабаси.