Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича Малайзия, Индонезия, Туркия сингари биринчи бешталик давлатлар сафига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, “Ҳаж-2019” Ишчи гуруҳи раҳбари Жасур Акрамов Макка шаҳрида юртимиз ҳожилари билан ташкил этилган учрашувда маълум қилинди.
Бундай юксак эътирофга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Унинг замирида муҳтарам Президентимиз тавсияси асосида муқаддас ҳаж зиёрати тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани, бўлғуси ҳожилар учун зарур барча шарт-шароит яратиб берилаётгани мужассамдир.
Дарҳақиқат, бу йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари нисбатан эрта бошланиб, юқори тажрибага эга ширкатлар билан шартномалар тузилди, энг замонавий меҳмонхоналар ижарага олинди. Бундан ташқари, 7200 нафар зиёратчига мавсум давомида намунали хизмат кўрсатиш учун 35 нафардан иборат Ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз жалб этилгани диққатга сазовордир.
— Ҳаж амалини бажариш учун ушбу муқаддас манзил-маконга етиб келиб, бекаму кўст ибодат қилишга интилаётганингиз, бугунги кунга қадар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўллаганингиз, умрани адо этганингиз — улуғ бахт, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари. — Бу Аллоҳнинг энг суйган бандаларига насиб этади. Давлатимиз томонидан ҳаж мавсуми давомида сизлар учун барча шарт-шароит муҳайё қилиб берилмоқда. Бу муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар самарасидир. Зотан, одамлари рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради, инша Аллоҳ.
Учрашувда кейинги пайтда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда имтиёзлар берилгани, Халқаро ислом академияси таъсис этилгани, “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилгани, Халқаро Ислом цивилизация маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Ҳадис, Калом, Ақида, Фиқҳ ва Тасаввуф илми мактаблари тузилгани алоҳида қайд этилди. Айниқса, ҳаж қилувчилар сони оширилиб, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин экани халқимиз учун катта имконият бўлгани айтиб ўтилди.
Зиёратчиларни қизиқтираётган саволларга муфтий ва Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан батафсил жавоб қайтарилиб, ҳаж ибодатининг қолган рукнларини бажариш юзасидан йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди.
Саид РАҲМОНОВ
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.