Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Апрел, 2025   |   20 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:39
Пешин
12:27
Аср
17:08
Шом
19:09
Хуфтон
20:28
Bismillah
18 Апрел, 2025, 20 Шаввол, 1446

Муфтий ҳазрат ҳаж зиёратчиларига тавсиялар берди

30.07.2019   3591   1 min.
Муфтий ҳазрат ҳаж зиёратчиларига тавсиялар берди

30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов Макка шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш билан боғлиқ муҳим тавсияларни бердилар.
Йиғилишда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб бердилар. Айниқса, ҳаж сафари бўйича хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, қўшимча имтиёзлар берилиши баробарида нарх-навони ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада арзонлаштирилганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаркат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов сўзга чиқиб, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот берди.
Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни берди.
Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Келин-куёв ҳаққига дуо қилиш

17.04.2025   2643   2 min.
Келин-куёв ҳаққига дуо қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, «Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», дер эдилар («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).

Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан, ҳар бир мусулмон келин-куёвнинг тўйлари муносабати ила уларни табриклаш пайтида ҳақларига Аллоҳ таолодан хайр-барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиши керак.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ақийл ибн Абу Толиб Бану Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга «Муроса ва болалар ила», дейилди. Шунда у:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди (Насаий ривоят қилган).

Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйлангани муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. У киши розияллоҳу анҳу, Набийимиз алайҳиссалом янги уйланган одамни қандай сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундай табрик қилинглар, деб ўргатдилар.

Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб, мени ҳовлига олиб кирдилар. Қарасам, ансорий аёллар уйнинг ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамизнинг тўйлари Мадинаи Мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абдушамс розияллоҳу анҳонинг ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ Мадина аёллари ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўрганлари заҳоти у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.

Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳо Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кириб, ўтқазганлар ва:

«Мана бу – аҳлингиз, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ сизга буларни муборак қилсин», – деганлар.

Демак, келин-куёвни кўрган киши дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб дуо қилиши керак экан.

"Бахтиёр оила" китобидан