Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Декабр, 2024   |   29 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:25
Bismillah
29 Декабр, 2024, 29 Жумадул сони, 1446

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

31.07.2019   6326   2 min.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

Мўътазилийлар ҳижрий иккинчи – милодий саккизинчи асрда ҳукуматни бошқараётган даврда “Қуръонни махлуқ дедириш” сиёсати авж олди. Халифа Маъмун олиму уламоларни саройига чақиртириб, уларга мажбуран “Қуръон махлуқ” деган гапни айттиришга уринди. Баъзи олимлар таъриз – сўз ўйини билан вазиятдан қутулиб қолдилар. Аммо уламолар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдек ҳақда собит туриб, у гапни умуман тилга олмаганлар ҳам бўлди.

Халифанинг ёнидаги баъзилар “Аҳмад ибн Ҳанбални ҳамма яхши кўради ва унга эргашади. Шунинг учун “Қуръон махлуқ” деган гапни аввал унга айттириш керак” дея маслаҳат беришди. Халифа бу маслаҳатга амал қилиб, буюк олимни саройига олиб келтирди ва мазкур гапни айттиришга уринди. Улуғ имом бу гапни айтмадилар. Ғазаб отига минган халифа буюк олимни зиндонга ташлади ва дарра уришга амр қилди.

Кунларнинг бирида дарра уриш учун имомни ташқарига олиб чиқиб кетилаётганда бир воқеа бўлади-ки, бу ҳодиса Имом Аҳмаднинг хотираларидан ҳеч қачон кетмади. Воқеани имомнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳикоя қилади:

“Мен отамнинг мана бу гапларини кўп эшитганман: “Аллоҳ Абул Ҳайсамни раҳматига олсин! Аллоҳ Абул Ҳайсамни афв этсин! Дарра уриш учун мени ташқарига олиб чиқиб кетишаётганда, бир киши ортимдан кийимимни тортди ва менга қараб: “Мени танийсизми?” деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. “Мен Абул Ҳайсам Айёрман. Ўғри, киссовурман. Амирул мўъмининнинг девонхонасида менга алоҳида-алоҳида тарзда ўн саккиз минг марта дарра урилгани ёзиб қўйилган. Мен шайтонга эргашиб, дунёга эришиш илинжида бу оғриқларга сабр қилдим. Сиз эса Раҳмоннинг тоати йўлида, Дин учун оғриқларга сабр қилинг!” деди. Менга ўн саккиз минг марта ўрнига ўн саккиз марта дарра урилди. Кейин ходим чиқиб, “Амирул муъминийн сизни афв этди” деди”.

“Маноқибу Имом Аҳмад”, “Сифатус софва” китоблари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Яҳудий ва Авф ибн Молик қиссаси

26.12.2024   5931   4 min.
Яҳудий ва Авф ибн Молик қиссаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири: «Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:

«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.

Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.

Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.

Умар розияллоҳу анҳу намозни ўқиб бўлиб:

«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.

«Ҳа», деди Суҳайб.

Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:

«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:

«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.

«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.

Умар унга: «Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.

Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри: «Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.

Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.

Отаси билан эри: «Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.

Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.

Сўнгра Умар: «Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.

Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».

Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.

Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.

У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айб­дор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди