Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Динда ўз жонига қасд қилиш қораланади

31.07.2019   3065   3 min.
Динда ўз жонига қасд қилиш қораланади

Ислом дини инсонни ер юзида фисқу фасод қилиш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, қолаверса, ўз жонига зулм, ўзини ҳатто қурбон қилиш гуноҳи кабира эканини билдириб, ер юзини обод қилиб, эзгу амаллар билан шуғулланиш, унинг манфаати учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиш солиҳ амал, савоб ишлар қаторига кириши ҳақида таълим беради.

Қуръони Каримда инсоннинг ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилиб:

«Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!»

ва яна:

«Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир», деб уқтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан:

«Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда эса:

«Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир», деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки :

Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

 

Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб исломий жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди. Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни, қорниларига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидение  ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни «шаҳидлик мақоми» деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.

Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам борлар. Уларнинг ичида сайёҳлар, бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун қотиллар дўзахий бўлиб қоладилар. Бу номаъқул ишга тақлид қилувчилар ҳам дунё, ҳам охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар.

 

 

            Арипов Саъдулла,

“Мустаҳкам” масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

1.11.2024   4344   3 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД