Ислом дини инсонни ер юзида фисқу фасод қилиш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, қолаверса, ўз жонига зулм, ўзини ҳатто қурбон қилиш гуноҳи кабира эканини билдириб, ер юзини обод қилиб, эзгу амаллар билан шуғулланиш, унинг манфаати учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиш солиҳ амал, савоб ишлар қаторига кириши ҳақида таълим беради.
Қуръони Каримда инсоннинг ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилиб:
«Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!»
ва яна:
«Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир», деб уқтирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан:
«Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда эса:
«Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир», деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки :
Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».
Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб исломий жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди. Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни, қорниларига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидение ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни «шаҳидлик мақоми» деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.
Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам борлар. Уларнинг ичида сайёҳлар, бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун қотиллар дўзахий бўлиб қоладилар. Бу номаъқул ишга тақлид қилувчилар ҳам дунё, ҳам охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар.
Арипов Саъдулла,
“Мустаҳкам” масжиди имом хатиби
Ҳурматли юртдошлар, muslim.uz портали ижодкорлари сиз азиз мухлисларимизга янги "Мушоҳада" номидаги лойиҳани тақдим этмоқда. Унда бугунги ҳаётимиздаги долзарб муаммолар, турли ижтимоий иллатларга динимиз таълимотидаги ечимлар ҳақида уламолар, соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари бериб борилади, иншааллоҳ.
Тўй – деса халқимиз борини беришга тайёр. Тўй куни тўйхонага дабдаба билан кириб келган икки ёшнинг бахтли онларини кўриб ҳамманинг севинчи ичига сиғмайди. Қани энди, мана шу хурсандчилик билан бошланган янги ҳаёт остонаси, бир умр мустаҳкам бўлса. Минг афсуски не не умидлар билан боғланган никоҳ ришталари гоҳида йил, гоҳида ой баъзида эса кун ўтмай узиляпти. Турли арзимаган сабаблар билан ёш оилалар барбод бўляпти...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати