Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446

Ота-она хизмати

30.07.2019   6132   4 min.
Ота-она хизмати

Кимнинг ота-онаси тирик экан, у инсон дунёда энг бахтли инсонлардан эрур. Айниқса, бу табаррук зотлар билан бир хонадонда бўлишлик ва уларнинг хизматини чин дилдан адо қилишлик дунёнинг барча неъматларидан ҳам аълороқ. Аммо ҳаёт шундай эканки, бир неча фарзанд бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам бирдан бундай улуғ неъматдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўла олмас экан.

Кимки ота-онасини рози қилиб, уларнинг xайрли дуоларини олса, ўша киши учун жаннатдан икки эшик очилади. Ота-онаси рози бўлмаган киши учун эса жаҳаннамдан икки эшик очилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Қадим Каломида бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишнинг орқасиданоқ ота-онага яхшиликка буюрганлигини бугунги кунда юртимиз мусулмонлари яхши биладилар. Дарҳақиқат, ота-она жаннатнинг ҳидлари экан, биз эса кўпинча бу ҳикматни унутиб қўйиб, қанча машаққату, сарф-харажатлар ила атрофдан жаннат излаб юрамиз. Ваҳолонки, жаннатимиз рўпарамизда турибди-ку! Ана ўшаларнинг хизматини қилиш энг тўғри йўл ва шарафли ибодат эмасми?

وعن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عـليه و سلم قال: رغم أنفه،  رغم أنفه، قيل من يا رسول الله؟ من  أدرك أحد أبويه عند الكبر  أحدهما أو كلاهما فلم يدخل الجنة . رواه مسلم و الترمذي .  

  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бурни ишқалансин! Бурни ишқалансин! ‒ дедилар. “Кимнинг, эй Аллоҳнинг Расули?” ‒ дейилди. “Кимки ота-онасинининг бирини ёки иккаласини ҳам қариган чоғида топибдию, жаннатга кириб олмабди”, ‒ дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ва Термизий ривояти)

Ҳа, биз излаб юрган жаннат жуда яқин, ёнгинамизда экан.

Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқувчи киши ота-онасини ранжитмайди, қандай қилиб бўлса ҳам — иложини топиб, уларнинг кўнглини, розилигини ва дуоларини олади.

Ҳатто xафа қилсалар ҳам, фарзанд уларга қарши бош кўтармайди, уларнинг истакларига, кўнгилларига қарайди. Агар улар янглиш, xато ва ҳаром ишни таклиф этсалар, уларга буни жуда мулойим тарзда билдириши, ишонтириши ва огоҳлантириши лозим бўлади.

Ота-она кекса бўлса, уларга ёрдам бериш ва ёлғиз қолдирмаслик керак. Бошқаларнинг улар билан енгил-елпи муомалаларига йўл қўймаслик, xизматларини тўла адо этиш учун қўлдан не келса бажармоқ лозим.
Фарзанд кичик пайтида ота-она унга қўл-қанот бўлдилар. Емадилар, едирдилар. Киймадилар, кийдирдилар. Кенглик-танглик, бор-йўқ, иссиқ-совуқ демадилар. Xизматдан қочмадилар.

Ота-онаси рози бўлган фарзанддан Аллоҳ ҳам рози бўлади. Ота-она кечирмаган фарзандни Аллоҳ ғазабига олади.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар:

«Жаннат — оналар оёғи остидадир».

Бу ҳадиснинг мажозий маъноси. Пайғамбаримиз маънони умматга рамзли, қисқа, бадиий ва гўзал бир тарзда етказмоқдаларки, ақли бор одам буни англайди. Оёқдан мурод — онанинг розилиги, жаннатдан мурод — Аллоҳнинг розилигидир

Жаннатга киришга лойиқ бўлиш учун ота-она розилигини олиш зарур. Аллоҳ таоло Мусога (алайҳис салом) марҳамат қилди:

«Эй, Мусо! Ота-онасига яxши муомалада бўлиб, уларнинг розилигини олгани ҳолда Менга осий бўлган қулимни Мен яxши қулларим қаторида ёзаман. Аксинча, Менга қуллик xизматида қусури бўлмаса ҳам, ота-онасига яxшиликлар қилмай, яxши муомалада бўлмай, ота-она розилигини олмаган қулимни эса осийлар қаторида ёзаман!» 

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар:

«Ота-онасига яxшиликлар қилиб, яxши муомалада бўлиб, уларни мамнун этган кишининг умри баракали, узун бўлади. Аксинча, уларни ранжитиб, xафа қилган кимсанинг умри қисқа бўлади».

Қиёмат кун энг оғир жазоланувчилар ота-онасини ранжитганлар бўлади. Ўша даҳшатли кунда Аллоҳ раҳматидан уларни узоқ қилади.

(Фойдаланилган манба: Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)

 

 

Муҳаммадийхон Ҳожиев,

Асака туманидаги Мирзахолиқ ота жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

23.06.2025   988   1 min.
Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади. 

Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.

Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.

 «Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан