Ўтган йили қозоғистонликларнинг ҳаж сафарига ҳаражатлари 4200 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилда 3200 нафар зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажариш учун 4800 АҚШ долларини тўлашларига тўғри келмоқда.
Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз Zakon.kz сайтига берган интервьюсида бу йилги ҳаж нархларининг ошишини изоҳлаб берди. Унинг айтишича, бўлажак ҳожиларга хизмат кўрсатадиган туркомпаниялар уларнинг ҳар биридан ўз хизматлари учун тахминан 50 минг тангадан олишади.
“Туркомпаниялар учта пакет: Стандарт/эконом, Комфорт/люкс ва VIP пакетлари бўйича хизматларни таклиф этишади. Танланган пакетга қараб, ҳажнинг нархи белгиланади. Қолган барча ҳаражатлар ҳаж сафарига борганларнинг авиақатновлари, Саудия Арабистонида кўрсатиладиган транспорт хизматлари, замонавий, барча қулайликларга эга меҳмонхоналарга жойлаштириш, овқатланиш, зиёратгоҳларга экскурсия уюштириш, ҳаж амалларини бажаришга ёрдам беришларига сарфланади.
Авваллари Саудия Арабистони Стандарт/эконом пакети борганлардан пул олмасди, энди эса улардан ҳам 300 АҚШ долларидан олмоқда. Охирги йилларда Нур-Султон, Олма-Ота, Чимкент ва Оқтов шаҳарларидан Саудия Арабистонига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Олдинлари фуқароларимиз ҳажга Истанбул, Шаржа, Дубай орқали боришар, бу кўп вақт олар ва асабланишларга сабаб бўлар эди.
Бизнинг зиёратчиларимизга хизмат кўрсатадиган «Fly Nas» Саудия авиакомпанияси уларни олиб кетиш учун бўш учиб келади. Бу ҳам нархга таъсир қилади”, - дейди бош муфтий.
Унинг билдиришича, бундан ташқари, Саудия Арабистонидаги транспорт харажатларининг нархи уч маротабага кўтарилди, шунга яраша хизмат сифати ҳам ошди.
“Қўшни мамлакат фуқаролари учун ҳаж сафарлари арзон тушаяпти, деган гапларга хизмат кўрсатишнинг сифати нуқтаи назаридан баҳо бериш керак. Қирғизистонлик зиёратчилар 90-йиллардан бери Саудия хайрия жамғармалари ҳисобидан бепул меҳмонхоналар билан таъминланади. Аммо ушбу меҳмонхоналар Маккадаги ал-Ҳарам масжидидан анча узоқда жойлашган. Бу эса ушбу масжидга зиёратчиларнинг етиб келиши учун анча қийинчилик туғдиради. Ўзбекистондаги ҳаж харажатлари эса бизникидан унчалик катта фарқ қилмайди”, - ўз сўзини якунлади Серикбай ҳожи Ораз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нуқтаи назар
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. 2174 та исломий ва 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатапти. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та – 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жорий йил 25 февраль куни қабул қилинган қонун асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.
Мазкур ҳужжат виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принцип ва устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 6 таси олий ўқув юртидир.
Мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони нафақат диний-маърифий соҳа, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди.
Содиқ Тошбоев,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 25 апрель, 84-сон