Бурайда хурмолари фестивали маҳаллий фермер ва савдогарларнинг 11 миллиондан ортиқ хурмо дарахтини бозорга чиқариш арафасида бўлиб ўтмоқда.
Саудия Арабистони атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қассим вилояти бошқармаси ташкил этган ушбу фестивал 25 августга қадар давом этади.
Фестивал хурмо етиштирувчи фермерларни замонавий қишлоқ хўжалиги билан таништириш ва энг яхши хурмо етиштиришнинг инновацион усуллари бўйича тажриба алмашишдан иборат.
Фестивалда 4000 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари тақдим этилди. Саудия Арабистони Подшоҳлигининг реклама ва туризм фестивалларининг энг муҳим мақсадларидан бири айнан фуқароларни иш билан таъминлашдир.
Фестивал ташкилий ишлари раҳбари Холид Aл-Нуқайдан яратилган иш ўринлари қўмита ва назорат гуруҳи, савдо маркази, чакана савдо дўкон, фермер хўжалиги, хурмо майдони ва экспорт майдончалари орқали таъминланганини тасдиқлади.
Хурмо экспорти мамлакат иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланди. Қироллик маҳаллий ва халқаро миқёсда рақобатбардошлигини ошириш мақсадида хурмо етиштиришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда давом этмоқда.
Фестивал минтақада машҳур бўлган 45 дан ортиқ хурмо турларини тарғиб этиш учун кенг қамровли тадбир ва хизматлар тизимини йўлга қўйди. Фестивал хурмо ва унинг ҳосили бўйича ихтисослашган давлат ва хусусий агентликларнинг иштирокини ўз ичига олади. Шунингдек, маркетингга ихтисослашган 27 дан ортиқ агентлик жалб қилинган.
Шунингдек, вилоят фермерлари ҳам иштирок этиб, фестивалдан ташқари давлат идоралари, ишлаб чиқариш тармоқлари ва самарали оилалар учун бир неча кўргазмалар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Айни кунларда Намангандаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур диний таълим муассасасида бўлиб, 2026-2027 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, синовларнинг очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ўтишини таъминлаш бўйича амалга оширилган ташкилий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, имтиҳон заллари тўлиқ видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, ота-оналар кутиш майдончаларида жараённи онлайн кузатиб бормоқдалар. Саволлар хавфсизлиги ҳамда холис баҳолаш тизими қатъий назоратга олинган.
Муфтий ҳазратлари имтиҳон топшираётган ёшларнинг ота-оналари билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар ва абитуриентлар ҳақига муваффақият тилаб дуо қилдилар.
Республика бўйича имтиҳонлар ҳудудлар кесимида тасдиқланган режа-график асосида бўлиб ўтади. Кириш тест синовлари ўтказиладиган аниқ саналар ва имтиҳон манзилларининг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://t.me/qabulmuslimuz.
Имтиҳон янгиликларини @qabulmuslimuz телеграм канали орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати