Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2025   |   1 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:23
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:21
Хуфтон
20:44
Bismillah
29 Апрел, 2025, 1 Зулқаъда, 1446

Чўмилишга борганда ...

24.07.2019   4460   5 min.
Чўмилишга борганда ...

Ҳозир ёз фасли. Ҳамма ўзини ҳавоси салқин бўлган дам олиш масканларига урган. Шундай жойларга борганлар у ердаги манзарани яхши билишади. Дам олишга оилавий ёки дўстлари билан борганларнинг кўплари ўша ерда чўмилишади.

Эри эркаклар кийиниш хонасига, аёли аёллар кийиниш хонасига кириб, либосларини алмаштириб, чўмилиш кийимларни кийиб ташқарига, одамлар олдига чиқишади.

Айрим эркак киши ўз аҳли аёлининг бутун бадани очиқ ҳолда бегона эркаклар олдида сувга тушишига бепарволарча муносабатда бўлади. “Аёлим ва фарзандларим дам олишяпти” деган ўйда бўлади.

Наҳотки, кўп эрлар ўз жуфту ҳалолларининг бегона эркаклар олдида ярим-ялонғоч ҳолда юришига қўйиб берса?!

Наҳотки, эрнинг виждони шу манзарани кўтарса?!

Наҳотки, ўзини мусулмонман деган кимса шу аҳволга рози бўлса?!

Чўмилиш асносида кўп аёлларнинг бегона эркаклар танасига кўзлари тушади, эркакларнинг эса аёлларга кўзлари тушади. Эркаклар бошқа аёлларга суқланиб қарайди. Ўзининг аёлига бошқалар қараётганини билса-да, бу ҳолатга бепарволарча қарайди.

Шу ҳолат Исломга тўғри келадими?! Мусулмон одам шундай бўладими?! Рашк, ҳамият, қизғониш деган туйғу борми шундай одамларда?! Аёл кишида иффат, уят, ҳаё деган тушунчалар мавжудми?!

Энди савол: ўша оила уйида чўмилиш кийимида юрадими?! Эри ҳам калта иштонда юрадими?! Болаларичи?! Улар ҳам ота-оналари ёнида ички кийимларда юришадими?!

Агар аёл киши уйида чўмилмоқчи бўлса, ҳаммомга киришдан олдин устига енгилроқ халат ташлаб олади. Эр ҳам устини ёпиб, кейин ҳаммомга киради. Улар фарзандлари олдида ярим-ялонғоч ҳолда кўринишга уялади. Ҳатто эр-хотин бир-бирига ярим-ялонғоч ҳолда кўринишга ийманиб, устларига бирор кийим ташлаб олади.

Аммо омма олдидачи?!

Нега уйларида қилишга уялган ишларини одамлар олдида қилишдан уялмайдилар?!

Фарзандлари олдида ялонғоч юришга уялмайдиларми?!

Бегоналар кўз ўнгида уйда ётганда ҳам кийиб ётилмайдиган либосларда юришга уялмайдиларми?!

Она ўғиллари кўз олдида танасини очиб юришга ҳаё қилиши керак эмасми?!

Ота қизлари ёнида танасини беркитиб, сонларини, тиззаларини ёпиб юриши керак эмасми?!

Биз қачон шундай аҳволга тушиб қолдик?!

Инсон нима учун уялмай қўяди? Ҳаёси қачон йўқолади?

Уламоларимиз ҳаёнинг йўқолиш сабабларидан энг каттаси сифатида имоннинг заифлиги ва луқманинг бузилишини келтиришган.

Ҳа, одамда имон заифлашса ва ейдиган таомларига ҳаром ва шубҳали нарсалар аралашса, унда уят, ор-номус, иффат деган тушунчалар, ҳислар йўқолиб, гуноҳ қилишга мойиллиги ортиб, гуноҳ қилаётганини ўзи сезмайдиган бўлиб боради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё ҳақида танбеҳ бераётган кишининг олдидан ўтаётиб: “Уни тек қўй! Ҳаё иймондандир!” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳа, ҳаё, уят иймоннинг қисмларидандир.

Сув ҳавзаларига оиласи билан, аёли билан ёки дўстлари билан бораётган кишилар нега авратларини очиб чўмиляптилар?!

Эркак киши киндигидан то тиззаси остигача бўлган жойларини беркитиб олиши кераклигини билмайдиларми?!

Аёл киши эса юзи, қўл кафти ва оёқ кафтидан бошқа барча аъзолари, бутун танаси аврат эканини англаб етмаганми?!

Улар аврат ҳисобланган жойларини беркитиб олишлари керак. Авратни бошқаларга кўрсатиш, шу ҳолатда чўмилиш мутлақо мумкин эмас.

Афсуски, у ерга борадиганларнинг кўпчилиги авратини беркитиш ўрнига уйида, оиласида кийиб юрмайдиган кийимларини кийиб, юзлаб кишилар кўз ўнгида юриб, ўша либосда офтобда тобланиб, чўмилиб, шу ҳолида овқатланиб ўтирибди.

Баъзи ўзбеклар авратни очиш борасида европаликларни ҳам ортда қолдириб кетдилар. Улар ғарбга тақлид қилишнинг чўққисига етиб бордилар.

Баъзилар эътирозли савол беришлари мумкин: “Аёл кишининг иссиқ кунларда салқин жойларда дам олишга, чўмилишга ҳаққи йўқми?”

Жавоб: “Ҳаққи бор, албатта”.

Аммо буни мусулмончиликка тўғри келадиган шаклда ташкил этиш керак. Бу борада ҳам масъулият эркак киши зиммасига тушади. У оиласининг шундай хордиқ чиқариши учун одоб доирасида шароит қилиб бериши керак. Истаса, бу шароитни уйида ташкил этсин. Истаса, тоғолди ҳудудларида жойлашган дам олиш масканларидан бирини ижарага олсин-да, бегоналар назари тушмайдиган қилиб, кейин аёлига, фарзандларига чўмилишларига имкон берсин.

Динимиз ҳар бир ҳолатнинг одобини баён этган. Оилавий дам олишнинг ҳам одоби бор. Биз мусулмонлармиз. Демак, Динимиз кўрсатган одобларга риоя этиб, аврат саналган жойларимизни беркитиб олишимиз фарздир. Динимизга фақат уйда, масжидда эмас, балки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амал қилишимиз шарт. Бозорда сотувчи-харидорлик одобига, кўчада юриш-туриш одобларига амал қиламиз, чўмилиш борасида ҳам ўзига хос одобларга риоя этамиз.

Аёллар чўмилаётган пайтларида ҳам авратлари берк туришига эътибор қаратишлари керак, эркаклар ҳам худди шундай.

Фарзандларимизга ҳам одоб, ҳаё, уялиш ҳисси деган нарсаларни болаликлариданоқ тушунтириб, ўргатиб, онгу қалбларига сингдириб, таналарини шунга ўргатиб боришимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф берсин. Қаерда бўлсак ҳам, уялиш, ҳаё деган ҳисларимиз ўзимизга ҳамроҳ бўлишини, иффатли мусулмонлардан бўлиб юришимизни насиб этсин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА (4-қисм)

28.04.2025   3741   20 min.
100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА (4-қисм)

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(4-қисм)

1)      Ассалому алайкум!

2)      Катта раҳмат Сизга!

3)      Умрбод миннатдорман Сиздан!

4)      Умрингиз узоқ бўлсин!

5)      Барака топинг!

6)      Хўп бўлади!

7)      Минг бор узр сўрайман Сиздан!

8)      Кечирасиз!..

9)      Сиздан кечирим сўрайман!

10)      Мендан ўтди! Узр сўрайман! Кечиринг!

11)      Сиз нима десангиз шу!

12)      Сизнинг гапингиз мен учун қонун!

13)      Сизнинг гапингиз биз учун қонун!

14)      Лаббай?!?

15)      Эшитаман?!?

16)      Амрингизга мунтазирман!

17)      Миннатдорман!

18)      Жуда тўғри айтдингиз!

19)      Тўғри айтасиз!

20)      Гапингиз ниҳоятда тўғри!

21)      Фикрингиз жуда маъқул!

22)      Илтимос Сиздан, кечиринг!..

23)      Илтимос, мени кечиринг!..

24)      Тўғри айтдингиз!

25)      Сизни жуда яхши тушуниб турибман!

26)      Қўлларингиз дард кўрмасин!

27)      Сизга гап йўқ!

28)      Жуда чиройли!

29)      Жуда-жуда маъқул!

30)      Бу ҳам яхшиликка!

31)      Бунда ҳам бир ҳикмат бор!..

32)      Муаммо йўқ!

33)      Ҳеч қандай муаммо йўқ!

34)      Ҳеч қандай эътирозим йўқ!

35)      Овора бўлманг!

36)      Асло овора бўлманг!

37)      Ҳечам овора бўлманг!

38)      Сизни овора қилганим учун минг бор узр сўрайман Сиздан!

39)      Ҳижолат бўлманг!

40)      Яхши кунларингизда қайтарайлик!

41)      Тўйларингизда қайтарайлик!

42)      Доим хизматларингиздамиз!

43)      Кўнглингиз тўқ бўлсин!

44)      Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!

45)      Борингизга шукр!

46)      Минг бор узр!

47)      Минг бор-минг бор узр!

48)      Зўр чиқибди, ярашибди!

49)      Минг бор-минг бор узр сўрайман сиздан!

50)      Мен хато қилдим, узр, кечирасиз!

51)      Айбимни тан оламан, кечирасиз!

52)      Узр-узр-узр!

53)      Иккинчи ундай қилмайман, кечиринг!

54)      Бошқа такрорланмайди, кечирасиз!

55)      Бир қошиқ қонимдан кечинг!

56)      “Бунда ҳам бир ҳикмат бор...” дейилади-ю ўзи...

57)      Катта илтимос Сиздан!

58)      Билмай қолибман, узр, кечирасиз!

59)      Ўтиниб сўрайман Сиздан!

60)      Мана шу хислатингизга тан бераман-да!

61)      Шу феълингизга гап йўқ-да!

62)      Сиздан роса ҳам миннатдорман!

63)      Ташаккурларим Сизга!

64)      Эътиборингиз учун катта раҳмат Сизга!

65)      Сизга катта раҳмат меҳрли эътиборингиз учун!

66)      Меҳрли эътиборингиз учун Сизга катта раҳмат!

67)      Сиз қандай айтсангиз, худди шундай бўлади!

68)      Бажарамиз! Хўп бўлади!

69)      Зўр!

70)      Жуда-жуда зўр!

71)      Гап йўқ!

72)      Қойил!

73)      Жуда ажойиб!

74)      Жуда ҳам чиройли!

75)      Мутлақо гап йўқ!

76)      Сизга ёқса бўлди!

77)      Сизга ёққани бизга ёққани!

78)      Ана энди кўнгилдагидай бўлди!

79)      Мана энди хотиржам бўлдим!

80)      Хизматингиздаман!

81)      Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

82)      Доим соғ-омон бўлинг!

83)      Ҳорманг!

84)      Жуда хурсанд бўлдим!

85)      Мен Сиздан кечирим сўрайман!

86)      Зўр чиқибди!

87)      Жуда ҳам зўр чиқибди!

88)      Олдиндан катта раҳмат Сизга!

89)      Умуман гап йўқ!

90)      Гап бўлиши мумкин эмас!

91)      Сизнинг ҳурматингиз биз учун чексиз!

92)      Сизнинг ҳурматингиз мен учун чексиз!

93)      Тарбиянгизга қойил қолдим!

94)      Сизга тарбия берган Ота-онангизга минг раҳмат!

95)      Тан бердим!

96)      Тан бермасдан иложи йўқ!

97)      Офарин!

98)      Узр! Узр! Узр!

99)      Мени кечиринг, илтимос Сиздан!

100)      Минг-минг-минг бор кечирим сўрайман Сиздан!

Чегараси йўқ) ...

*СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

**ЭНГ муҳими: жумлаларни ЎЗ ВАҚТИДА ва ЎЗ ЎРНИДА ишлатиш !!!

***ЭНГ асосийси: ушбу сўзлар фақат ТИЛдан эмас, балки ДИЛ (!) дан чиқсагина СИР-АСРОРЛИ ва “СЕҲРЛИ” бўлади...

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов.

Ибратли ҳикоялар