24 июль куни эрта тонгдан ҳаж ибодатини адо этиш учун отланган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бўлғуси ҳожилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юртдошларимизни чексиз қувонтирди.
Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Масалан, илгари ҳожиларимиз икки юлдузли меҳмонхоналарда туришган бўлишса, бу йили Мадина шаҳридаги 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси, Макка шаҳридаги 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонаси ижарага олинди. Бу эса зиёратчиларимизнинг бор диққат-эътиборларини ибодат қилишга қаратишларига асосий омил бўлади.
Зиёратчилар шу йилнинг 24 июль — 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишлар бўйича 17 август — 1 сентябрь кунлари мамлакатимизга қайтиб келадилар.
Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.
Ҳаж амалини бу қадар қулай шарт-шароитларда бажариш ота-боболаримизнинг орзуси бўлиб келгани барчага маълум. Сафарга отланиш чоғидаги нуроний отахону онахонларнинг қалбларидаги ҳаяжон, кўзларидаги севинч ёшларини кўриб, тилларидаги дуоларини эшитган ҳар бир киши тўлқинланиб кетди. Уларнинг муқаддас маконларга эсон-омон бориб, ҳаж ибодатларини бекаму кўст бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб қоламиз.
Отахону онахонларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни ўз бағрига жойлаб ҳавога кўтарилган улкан ҳаво лайнерининг ортидан қараб, қўлларимизни дуога очиб уларнинг ҳаққига дуолар қилиб қолдик: Йўлларингиз очиқ ва ойдин, ибодатларингиз мақбулу манзур бўлсин! Ҳажингиз муборак, азиз юртдошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Аёллар уй ишларига масъулми?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир. Эркак ўз хонадони аҳлига, аёл эса эрининг хонадонига ва болаларига масъулдир” (“Саҳиҳи Бухорий”. № 5200).
Имом Хаттобий айтади: “Эркакнинг ўз оиласи учун масъулияти бу – уларга ғамхўрлик қилиш, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш ва яхши муомала бўлишни англатади. Аёлнинг масъулиятига келсак, бу унинг уй ишларини башариши ва қарамоғидагилар, меҳмонларга яхшилик қилиши саналади” (“Аълам ал-ҳадис”. Ж. 1. – Б. 580).
Манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ичидаги ишларга қизлари Фотима розияллоҳу анҳони, уйдан ташқаридаги вазифаларга эса Али розияллоҳу анҳуни масъул этиб тайинлаганлари ривоят қилинган (“Мусаннаф” Ибн Абу Шайба).
Кунларнинг бирида Фотима розияллоҳу анҳо қўлларидаги қадоқлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб, хизматкор сўрадилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ётишдан олдин тасбиҳ айтиш хизматкордан кўра яхшироқ эканини айтганлар (“Саҳиҳи Бухорий”. № 5361).
“Ал-Ҳидоя” асарининг муаллифи Имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар аёл ўзига яхшилик қилувчилардан бўлса, у овқат тайёрлаши ва нон пишириши, уй юмушлари билан банд бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларини Фотима розияллоҳу анҳога топширганлар” (“Муҳторот ан-Навозил”. Ж. 2. – Б. 194).
Фақиҳ Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар: “Аёл киши уй ишларини диний бурч сифатида бажариши шарт, лекин қози томонидан уй супуриш, кир ювиш, овқат тайёрлаш ва нон пишириш, болага қараш каби ишларни бажаришга мажбурлаш мумкин эмас” (“Ал-Мабсут”. Ж. 5. – Б. 209).
Айрим уламолар “болани эмизиш онага мажбурият бўлганидек, уй юмушларини бажариш ҳам она вазифасидир” деб айтганлар.
Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога бундай деганлар: “Аллоҳдан қўрққин, эй Фотима! Роббинг олдидаги фарз амалларингни адо эт ва оиланг юмушлари билан шуғуллангин” (Абу Довуд. “Сунан”. 2988).
Оиша розияллоҳу анҳо ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
Аҳли суффалардан бири ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ва бир гуруҳ аҳли суффаларни уйларига таклиф қилдилар ҳамда: “Бизга овқат бер, эй Оиша”, дедилар. Онамиз овқат қилиб келдилар, бироздан кейин: “Бизга яна олиб кел, эй Оиша”, дегандилар Оиша розияллоҳу анҳо онамиз сут солинган идиш олиб келдилар...” (Абдурраззоқ “Мусаннаф”. № 20712. Ибн Абу Шайба. “Муснад”. № 607. Абу Довуд. “Сунан”. № 5040).
Манбаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга “Пичоқни тош билан ўткирланг” деб айтганлари ҳам ривоят қилинган (Қаранг: “Саҳиҳ Муслим”. № 5086).
Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан бири уй ишларида аҳли аёлларига ёрдам беришлари эди (“Саҳиҳи Бухорий”. № 676).
Асмо розияллоҳу анҳо ва Зубайр розияллоҳу анҳу
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи Асмо розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зубайрга турмушга чиққанимда уй юшумлари билан банд бўлардим. Унинг отига ҳам қарардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрга берган ерларидан хурмоларни узиб, бошимда кўтариб келардим. У икки мил узоқликда эди”.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳё” асарларида бу воқеани келтириб, аёлларни уй юмушларига чорлаганлар (“Иҳё улумид-дин”. Ж. 3. – Б. 232-3).
Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Асмо розияллоҳу анҳонинг уйдан ташқарида қилган ишлари, яъни от парваришлаши ва хурмо кўтариб юриши унинг зиммасига юклатилган вазифалар эмас, балки қўшимча бўлганини изоҳлаганлар (“Икмал ал-Муълим”. Ж. 7. – Б. 75).
Умму Сулайм розияллоҳу анҳу ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳу
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “[Ўгай отам] Абу Толҳанинг [онам] Умму Сулаймдан ўғли вафот этди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо: “Мен ўзим айтмагунимча, Абу Толҳага ўғлининг вафоти ҳақида айтманглар”, деди.
“Йўқ, албатта” деди Абу Толҳа.
“Ўғлингиз бу дунёни тарк этди”, деди Умму Сулайм....
Хулоса
Демак, юқоридаги маълумотлар шуни кўрсатадики, саҳобия аёллар ўз мажбуриятларини қандай қилиб яхшироқ бажариш ва турмуш ўртоқларининг оғирини енгил қилиш ҳақида қайғурганлар. Уларнинг асосий ташвиши турмуш ўртоқларига кўпроқ ёрдам бериш, оилага барака киришига ҳисса қўшиш эди.
Даврон НУРМУҲАММАД