«Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
«Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш яна одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди.
Пойтахтимиздаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги жоме масжидларнинг, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги «Ҳаким Термизий» жомеъ масжидларининг бунёд этилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжиднинг юртимиз раҳбари томонидан бундан кейинги қурилажак масжидлар учун намуна сифатида эътироф этилиши Ўзбекистонда масжид-мадрасалар қурилишига нақадар юксак эътибор берилаётганини ифодалайди.
Бугун 22 июль душанба куни пойтахтимиз Тошкентда ана шундай хайрли ишларнинг яна бир гўзал намунасига гувоҳ бўлдик. Ушбу кун Юнусобод тумани 12 даҳадаги «Кулол Қўрғон» жомеъ масжидининг илк ғиштини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари, имом-хатиблар, мударрислар масжид қурилишига ташриф буюриб, иш жараёни билан танишдилар, масжид ҳайъати ҳамда барча усталар, масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Қуръон тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод бўлишини, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар.
Аллоҳ таоло бу кунда қилинган барча хайрли дуоларни ижобат айласин, масжидимизнинг тез кунларда ишга тушиб, саждагоҳга айланишини насиб қилсин, бу эзгу ишга бош қўшган, камарбаста бўлган, моддий ва маънавий ёрдам қилган, уни қурган, қурилишга раҳбарлик қилган, озми-кўпчи ҳисса қўшган барча азизларимизга муносиб ажру мукофотлар ато қилсин!
МУҲАММАД Баҳодир
«Кулол-Қўрғон» жоме масжиди имом-ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.
Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.
«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.
«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман" дедилар (Сунан эгалари ривоят қилдилар).
Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.
Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.
Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.
Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.
Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир", дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.
Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.
Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар", деганлар.
Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.
Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир", деганлар.
«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.
Имом Аҳмад Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади", деганлар.
Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.
Ашуров Маҳмудхон Муҳаммад Ғулом
Фойдаланилган адабиётлар: