«Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
«Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш яна одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди.
Пойтахтимиздаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги жоме масжидларнинг, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги «Ҳаким Термизий» жомеъ масжидларининг бунёд этилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжиднинг юртимиз раҳбари томонидан бундан кейинги қурилажак масжидлар учун намуна сифатида эътироф этилиши Ўзбекистонда масжид-мадрасалар қурилишига нақадар юксак эътибор берилаётганини ифодалайди.
Бугун 22 июль душанба куни пойтахтимиз Тошкентда ана шундай хайрли ишларнинг яна бир гўзал намунасига гувоҳ бўлдик. Ушбу кун Юнусобод тумани 12 даҳадаги «Кулол Қўрғон» жомеъ масжидининг илк ғиштини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари, имом-хатиблар, мударрислар масжид қурилишига ташриф буюриб, иш жараёни билан танишдилар, масжид ҳайъати ҳамда барча усталар, масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Қуръон тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод бўлишини, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар.
Аллоҳ таоло бу кунда қилинган барча хайрли дуоларни ижобат айласин, масжидимизнинг тез кунларда ишга тушиб, саждагоҳга айланишини насиб қилсин, бу эзгу ишга бош қўшган, камарбаста бўлган, моддий ва маънавий ёрдам қилган, уни қурган, қурилишга раҳбарлик қилган, озми-кўпчи ҳисса қўшган барча азизларимизга муносиб ажру мукофотлар ато қилсин!
МУҲАММАД Баҳодир
«Кулол-Қўрғон» жоме масжиди имом-ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби