Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиялик фотограф Орҳан Дургут билан ҳамкорликда “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ва “Дунё ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма иш бошлади.
“Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш” масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қилиб, бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтган эди.
Президентимизнинг мазкур ташаббуси хорижий илмий-тадқиқот марказларининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига бўлган қизиқишини янада оширди ва улар томонидан ҳамкорликка оид қатор таклифлар билдирилмоқда.
Туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургут ҳам мазкур ташаббусдан руҳланиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўзининг фотокўргазмасини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу марказ раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Фотограф ўз асарларида дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжоларини акс эттирган. Эътиборли жиҳати, у Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида ифодалаган.
Орҳан Дургутнинг фото жамланмасидан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан қалъа, Ҳаким Ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обида ва мақбаралар ҳам ўрин олган.
– Бу асарларимни намойиш этишдан мақсадим ислом дунёсини барча халқларга яқиндан танитиш, – дейди Орҳан Дургут. – Юртингизда мазкур кўргазмани ташкил этиш учун кўрсатилган ёрдамдан миннатдорман. Мана шунинг ўзи мамлакатингизда ислом олами, маънавияти, илми меросига бўлган эътиборнинг нақадар юқори эканлигини белгилаб турибди. Ҳозирга қадар дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларида бўлдим. Келгусида яна 40 та шундай шаҳарларда бўлишни ва 100 га яқин шаҳарларнинг тарихий бино ҳамда муқаддас қадамжоларини ўз асарларимда акс эттиришни истайман.
Мазкур халқаро фотокўргазма Имом Бухорий таваллуд топган ой (810 йил 20 июль) муносабати билан ташкил этилаётгани боис, муҳаддиснинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ҳам кўргазма доирасида халқимиз эътиборига ҳавола этилмоқда.
Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби бутун ислом оламида Қуръони каримдан кейинги биринчи, энг ишончли манба, деб тан олинган. Бу ҳадислар тўплами мусулмонлар ахлоқ-одоби, ибодати, ижтимоий мезонларини белгиловчи умуминсоний қадриятлар намунасидир.
Халқаро фотокўргазмага ўндан ортиқ профессор-олимлар ва тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ва ёш олимларнинг маърузалари ҳам киритилди. Тадбирда таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг бой илмий меросидан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлмоқда. Алломанинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Дунё мамлакатларининг деярли барча кутубхоналарида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Дунёнинг кўплаб кутубхоналарининг интернет сайтларидан исталган тилдаги Имом Бухорий асарларини, айниқса, “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ“ яъни, “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни топиб, ўрганиши мумкин. Юртимизда ҳам улуғ алломанинг асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халққа етказилмоқда.
Давра суҳбати давомида соҳани янада ривожлантириш учун илмий-тадқиқот марказлари ва соҳага тегишли мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ва “Дунё Ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма жорий йилнинг 19 июлидан 19 августига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби