Бугун, 19 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Араб тили фанидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтди.
Дастлаб институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди.
Сўнгра Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Рустамов Бобомурод сўз олиб, абитуриентларга имтиҳонлардан муваффақият билан ўтишларини тилади.
Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди.
Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Сўнгра, саволлар солинган конвертлар абитуриентлар томонидан очилиб, навбати билан вариантлар олинди ва улар жавоб беришга тайёрланиш учун ажратилган ўринларга жойлашдилар.
Имтиҳонга Тошкент ислом институти, Халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Араб тили фани бўйича мутахассис ўқитучилари жалб этилган.
Ижодий имтиҳон жараёнларида саволларга тайёрланиб бўлган абитуриентлар имтиҳон олувчи ўқитувчилар томонидан савол-жавоб қилиниб, уларнинг билимлари синовдан ўтказилади. Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди.
Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Араб тили фанидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 20 июль куни Ўзкўргазмасавдо марказида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 2019-2020 ўқув йили учун жами 226 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 60 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 10 нафари аёл-қизлардан иборат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
فَلَمَّا جَاءَ أَمْرُنَا نَجَّيْنَا صَالِحًا وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ بِرَحْمَةٍ مِّنَّا
“Амримиз келган пайтда раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик” (Ҳуд сураси, 66-оят).
“Раҳматимиз ила” деган жойини тааммул қилинг.
Зиқлик кетидан хурсандчилик келдими, демак Аллоҳнинг раҳмати билан.
Беморлик кетидан шифоси келдими, дори ё шифокор эмас, Аллоҳнинг раҳмати билан бўлибди.
Ишсизлик кетидан жўяли иш чиқдими, диплом ё тажрибангиздан эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати билан экан.
Умидингиз узилганда фарзандли бўлдингизми, зўр шифохонадан эмас, Аллоҳнинг раҳматидандир.
Бу дунё сабаблари Аллоҳ изн бермаса, ҳеч нарсага ярамайди.
Кўриб турибмизку, минглаб касаллар даволанса ҳам тузалмаяпти.
Қанча олий маълумотлилар ишсизликдан азият чекяпти.
Оила ҳаммада бор, лекин фарзанд...
Ҳузурингиздаги барча неъматнинг муаллифи Аллоҳдир. Шундай экан фазл қилган Зотнинг фазлини эътироф этинг.
Шарқовий. “Қурондан мактублар”.