Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридан келган Абдулбосит Абдулҳодий Андижонда тикувчилик йўналиши бўйича истиқболли лойиҳани тақдим этди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
— Арабларнинг миллий кийимлари Хитойда ишлаб чиқарилади, — дейди инвестор. — Лекин Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёси сифатлилиги билан ажралиб туради. Шу сабабли Қўрғонтепа туманидаги «Қўрғон грук» МЧЖ билан ҳамкорликда араблар миллий кийимларини тайёрлашни режалаштирдик. Бунинг учун Андижонда барча шароит бор.
Лойиҳа амалга оширилгач, дастлаб 100 та иш ўрни яратилади. Бу эса «Қўрғон грук»нинг ишлаб чиқариш суръати уч баробар ортишига сабаб бўлади. Ҳамкорликдаги режалар ижобати натижасида қўрғонтепалик чеварлар томонидан тикилган маҳсулотлар «Ал Андижоний» бренди остида дунё бозорига кириб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасасида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда аллома аждодларимиздан бўлган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий мадрасанинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдуғофур Раззоқов, Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азимжон Ҳамидов, устоз ва талабалар иштирок этди.
Абдуғофур Раззоқов Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик, гўзалликка тарғиб масалалари, буюк мутафаккирнинг нафақат туркий, балки, форсий тилда қилган ижодининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Азимжон Ҳамидов эса шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, асарлари, Ватан соғинчи тараннум этилган асарларига тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати