Саудия Арабистонига Ҳаж зиёрати учун етиб келган ҳиндистонлик муслиманинг фарзанди шу ернинг ўзида туғилган. Бу ҳақда Саудия Арабистони ахборот агентликлари хабар тарқатди. Маълум қилинишича, ҳар йили Ҳаж мавсумида ўнлаб зиёратчиларнинг фарзандлари муқаддас заминда туғилади.
Бу йилги Ҳажга ташриф буюрган оиланинг фарзанди ҳам ушбу мавсумда дунёга келди ва улар фарзандларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари сабаб Мадина деб номладилар.
Маълумот учун, жорий йилда Ҳиндистондан рекорд миқдорида мусулмонлар Ҳаж зиёратини адо этиш учун ташриф буюрадилар. Уларнинг сони 200 минг нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Малайзия Ислом санъати музейига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мажмуа мамлакатнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган.
Музей анъанавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган бўлиб, унинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёдни ташкил этади.
Бино гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган.
Бу ерда 10 мингдан ортиқ ислом санъати намуналари сақланмоқда. Доимий экспозицияда Қуръон қўлёзмаларининг ноёб тўплами, сопол ва қимматбаҳо буюмлар, қурол-яроғ намуналари ва иншоотлар макетлари, тақинчоқлар, тангалар ва бошқа ашёлар намойиш этилмоқда.
Музей фондида замонавий Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда яратилган 200 га яқин ноёб экспонатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар орасида ўрта асрларга оид қўлёзмалар, заргарлик буюмлари, машҳур абр матолари ва кийим намуналари, Шарқ Ренессансига оид кулолчилик буюмлари мавжуд.
Давлатимиз раҳбари экспонатларни кўздан кечириш чоғида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
President.uz