Қирол Салмон Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳри масжидларидаги терактда қурбон бўлганларнинг 200 нафар яқинлари Саудия Арабистони ҳисобидан ҳаж зиёратини амалга оширишини ташкиллаштириш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
ArabNews хабарига кўра, бу ҳақда Саудия Арабистонининг Исломий ишлар вазири Абдуллатиф ибн Абдулазиз маълум қилган.
Саудия Арабистонининг Янги Зеландиядаги элчихонаси Крайстчерч терактни қурбонларининг яқинларидан ҳажга борадиганларнинг рўйхатини тузмоқда. Хусусан, “Нур” масжидида тўққизта ўқдан яраланган, лекин омон қолган Темел Атакўғли ҳам ҳажга таклифнома олди.
Янги Зеландия мусулмонлари одатда ҳажга бориш учун 15 минг доллар тўлашади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Яқинда бир дўстим билан инсон вафотидан кейин руҳ ерга қайтиб келиши ҳақида тортишиб қолдик. Саволим шуки, руҳ ерга қайтиб келадими ёки барзахда қиёматгача кутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Руҳнинг асл ҳақиқати нима эканлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, – деб айт” (Исро сураси, 85-оят).
Инсон руҳи вафот топиши билан қабр ҳаётида (барзахда) бўлади. Китобларда зикр қилинишича, жасадни қабрга дафн қилингандан сўнг, савол-жавоб қилиниши учун унга руҳи қайта киргизилади.
Шунингдек, қабр аҳлига салом берилган вақтда ҳам руҳ қабр атрофига қайтарилиб, саломга алик олади.
Мўминларнинг руҳи “Иллиййин” (еттинчи осмондаги жой)да, кофирларнинг руҳи эса “Сижжийн” (етти қават ернинг остидаги жой)да бўлиши ҳам баён қилинган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.