Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин!
Суннатни бизга соф ҳолида етказган саҳоба, аҳли байт ва олимлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Салафу солиҳлар йўлидан юриш, уларнинг таълимотига амал қилиш энг шарафли маслакдир. Зеро, улар биздан кўра Аллоҳнинг каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини яхшироқ билишган.
Минг афсусклар бўлсинки, сўнги йилларда салафлар йўлидан юриш даъвоси билан уммат орасига тафриқа соладиган тоифалар чиқиб қолди. Улар ўзларини салафий деб атаб, авом халқни мазҳабга эргашишдан қайтармоқда.
Келинг уларнинг баъзи даъволарини илмий ва мантиқий таҳлил қилиб кўрамиз. Зеро, ҳар бир даъвони илмий ўрганиб, кейин уни қабул қилиш динимизнинг таълимоти ҳисобланади.
Улар айтади: «Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун, мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас».
Бу даъволари Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, шундай деган:
«Билмасангиз, зикр аҳлидан (яъни олимлардан) сўратнг». (Наҳл, 43).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизларни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда.
Яна бошқа бир оятда, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳидларга эргашишга тарғиб қилиб шундай деган:
«Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш – хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар». (Нисо, 83).
«Ишнинг негизини биладиганлар» деб таржима қилинган сўз араб тилида истинбот деб номланади. Яъни истинбот қила оладиган мужтаҳидларга ҳавола қилишса, хато қилмаган бўлишади, дейилмоқда.
Демак, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунсада, мужтаҳид имомга эргашиши шарт.
Уларнинг яна бир даъвоси: «Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз».
Уларнинг бу даъвоси кишини фосиқликка олиб боради. Тасаввур қилиб кўринг, аёл кишига қўли теккан кишининг таҳорати бузилиш ёки бузулмаслиги борасида, имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, шунингдек, бадандан қон чиқиш масаласида имом Аъзамнинг: «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Шофеийнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, бунда инсон ўзига қулай йўлларни қидириб, динда фосиқ бўлиб қолмайдими?! Ҳар бир мазҳабдан териб, териб амал қилиш талфиқ яъни беқарорлик дейилади. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳаромни ҳалолга, макруҳни, мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.
Уларнинг яна бир даъвоси «Мазҳабга эмас, салафларга эргшашиш керак». Мана шу сўзни айтаётган салафийга: «Бу фикрга қаердан келдинг», деб савол берсангиз, у: «Албоний, Усаймин ва Ибн Бозларнинг маърузасидан ёки китобидан ўқиб шу фикрни айтганларини эшитдим», дейди. Фаразан тўрт мазҳаб имомига эргашмай, салафларнинг йўлидан юрадиган бўлсак, ўша салафларнинг сўзини, йўлини қандай топамиз, десак, салафийлар: «Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди», дейди. Биз шунда у салафийга: «Демак, сен ҳам салафларнинг эмас, ўша Албонийларнинг йўлига эргашаятган экансанда», деймиз. Аслида, имом Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки, имом Аъзам тобеин яъни салаф бўлганлар. Шунингдек, қолган уч мазҳаб имоми Албоний, Усайминдан кўра салафлар даврига яқин яшаган ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билган.
Салафийлик даъвоси билан фаолият олиб бораётган тоиф мазҳабсизликка чақириш билан, аслида ўзлари бир мазҳабни пайдо қилган ва умматнинг тафриқа ва бўлинишига сабаб бўлган.
Улар айтган даъвонинг яъни мазҳаб имомларининг бирортасига эргашмасдан ибодат қилиш керак, деган сўзнинг имкони йўқ. Чунки қайси бир фиқҳий масалани ечишга урунмасин, албатта тўрт имомдан бирининг сўзини олишга мажбур. Шундай экан, бу асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади.
Аллоҳ барчамизни тўғри йўлган бошласин!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби
Коинотда, атроф-жавонибимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, ана шу ҳолатлар бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу ҳолатларни бир сўз билан “аломатлар” (белгилар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни ана шу аломатлар билан огоҳлантириб туришини баён қилган.
Масалан, инсон туғулганда ҳеч нарсани билмайдиган норасида гўдак бўлади. Аста-секин улғая боради, куч қувватга тўлади, ақл-заковати ортади ва охир оқибат яна кексайиб кучдан қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир” (Наҳл сураси, 70-оят). “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини хам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Сочда оқ, суякларда мўртлашиш бошланиши билан инсон огоҳ бўлиши керак. Зеро, бу умрнинг поёнига етиб бораётганлигидан далолатдир. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар билан бизларни огоҳлантирмоқда. Демак, энди инсон маъсиятлардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши, оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолога юзланиши, охират тадоругини кўриши лозим бўлади.
“Бас, қачонки, у (инсон) вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Роббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, – дейди” (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Қирқ ёш камолот ёши ҳисобланади. Шу ёшга етишнинг ўзи инсоннинг Роббисига қайтмоқ фурсати келганлигидан далолатдир. Оқил инсон ушбу ёшда тавба йўлига ўтади. “Роббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман” (Марям сураси, 4-оят).
Табиат ҳодисаси бўлмиш зилзилалар ҳам Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларидан бири ҳисобланади. “Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида, ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида, – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала сураси, 1-4-оятлар).
Демак, зилзила ҳам коинотдаги аломатлардан бири бўлиб, инсонга охират кунини эслатади, Аллоҳга тавба қилиб, Унга қайтмоқлик фурсати келганлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло осмон жисмлари бўлмиш Ой ва Қуёшларни ҳам бежиз яратмаган. Уларни коинотда сайр қилдириб қўйганлигининг ўзи ҳам инсоният учун бир огоҳлантириш. Яъни умр ўтиб бораётганлиги, вақт оз қолаётганлигининг аломатидир.
“Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз” (Ёсин сураси, 38-39-оятлар).
Дарҳақиқат, Ой аввал бошда ҳилол бўлиб кўринади, сўнгра тўлин ой шаклига киради. Ундан кейин яна ҳилол ҳолатида қайтиб тугайди. “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189-оят).
لكل شئٍ إذا ما تم نقصانه فلا يُغر بطيب العيش إنسان
هي الأمور كما شاهدتها دول من سرّه زمن ساءته أزمـــــــــان
Маъноси:
Ҳар нарсаки камолга етгач, нуқсонга учрар,
Айшнинг роҳатига алданма, инсон.
Кўрганингдек, ишлар навбати билан,
Бир гал масрурдирсан, бошқа пайт ғамнок.
Мазкур байтларни Абулбақо ар-Рундий раҳимаҳуллоҳ (601-684ҳ./1204-1285м.) Андалусиянинг мағлубиятини кўрганда айтган экан.
Демак, оқил инсон тарихдан ҳам, табиат ҳодисаларидан ҳам, ҳатто ўзининг хилқатидаги ўзгаришлардан ҳам ўзи учун хулосалар олиши ва бу хулосалар унинг имонининг қуввати ортишига, гуноҳлардан қайтиб, Аллоҳнинг тоатига бўйин эгишга сабаб бўлмоғи лозим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ