Бу расмда денгиз соҳилларидаги қуёш нурлари таъсирида ярим ялонғоч ҳолда юрувчи ҳамда кўча-кўйларда танасининг катта қисмини очиб юрувчи аёлларнинг тери саратонига чалиниш белгилари кўрсатилган экан.
Тиббиёт мутахассислари аёлларга қуёшнинг тўғридан-тўғри тушувчи нурларидан ва эркакларнинг назарларидан сақланиш учун танани ўраб, беркитиб юришни тавсия қилмоқдалар.
Қуёшдан келадиган ультрабинафша нурнинг кўп миқдорда қабул қилиниши тери саратонига сабаб бўлади.
Шунингдек, номаҳрамлар назарига кўп нишон бўлган тана ҳам саратонга чалинади.
Динимизда бежизга аёлларга ҳам, эркаларга ҳам авратларини беркитиб юриш буюрилмаган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нур сурасида шундай марҳамат қилган:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда. Муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.)
Эркак кишининг шаҳват билан ёки аёл кишининг бегона жинсга шаҳват билан қараши, нариги томоннинг тери тўқималарида шикастланишни юзага келтирар экан.
Авратни очиб юриш тери саратонига чалинишни пайдо қилса, Аллоҳнинг амрига хилоф иш қилингани учун банда қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Буни қарангки, эркак киши белидан то тиззаси остигача беркитиб олиб, орқаси, елкасини очиб юрса, ўша очиқ аъзолари саратонга чалинмас экан.
Нега?
Чунки, Аллоҳ таоло эркакнинг авратини киндигидан то тиззасининг остигача деб белгилаб қўйган.
Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган жойи беркитилмагандагина, ўша очилган аъзоларда ушбу касаллик бўй кўрсатар экан.
Маълумот ўрнида аврат ҳақида тушунча бериб ўтсак.
«Эркакнинг аврати киндиги остидан тиззаси остигачадир. Чўриники мана шу (киндик остидан тиззаси остигача) орқа ва қорни билан биргадир. Ҳур (озод ва эркин) аёлнинг аврати бутун баданидир. Магар, юзи, кафти (бўғимигача) ва қадами (тўпиғигача) аврат эмас». (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа: «Мухтасар ул-виқоя», Қозон-1911 й., 12-бет.).
Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабига кўра, эркакнинг аврат, яъни бегоналардан яшириши лозим бўлган баданидаги жойлари киндиги остидан тиззаси остигача экан. Бунда киндик аврат эмас, тизза ва унинг тепаси авратдир. Аёлларнинг юзи, кафти ва қадамидан ташқари бутун баданлари авратдир.
Аллоҳ таоло барчамизни турли касалликлардан асрасин! Доим Унинг амрига итоат қилиб, барчамиз беркитишимиз лозим бўлган аъзоларимизни беркитиб юришимизни насиб этсин!
Нозимжон Ҳошимжон
Cавол: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам 10 кунгача тирноқ, соч ва соқолини олмасин, деган гапнинг шариатимизда ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда Зулҳижжа ойи киргандан бошлаб токи қурбонлик қилгунча киши соч ва тирноқларини олмаслиги шарт қилинмаган. Балки бу – ихтиёрий бўлган мубоҳ ишдир.
Мана шу ўн кунда бошқа кунларда бажарадиган баъзи одатий амалларимизни бажармасликка тарғиб қиладиган кишилар, ўз гапларини ушбу ҳадис билан қувватлайдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
“Қачон Зулҳижжанинг аввалги ўн куни бошланса ва бирортангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч ва соқолига тегмасин (олмасин)”, бошқа ривоятда “Соч ва тирноқ олмасин”, яна бошқа бир ривоятда эса “Ким Зулҳижжанинг ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин” (Имом Муслим ривояти).
Бу мавзуда улуғ Ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:
“Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис (ҳукми)га юрадилар. Уни маҳкам тутиб, (амал қилиш учун) асос қилиб олишади. Бошқа уламолар эса ўзгача йўл тутадилар ва бундай дейдилар: “Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қурбонлик қилишни ният қилган ва ният қилмаганлар учун соч ва тирноқларини олишда ҳеч қандай зарар (гуноҳ) йўқ”. Улар бу тўғрисида “Ҳаж китоби”да келтирган ҳадисимизни ҳужжат қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадий (қурбонлик учун аталган ҳайвон)ларига қурбонлик белгиларини боғлар эдим. У зот қурбонликларини (Макка шаҳрига) жўнатар ва биз билан (Мадина шаҳрида) ҳалол (яъни, эҳромсиз) турардилар. Эҳромли киши эҳтиёт бўлиши керак бўлган нарсалар (соч ва тирноқ олиш, жинсий алоқа ва ҳаказолар)дан сақланмас эдилар. Одамлар ҳаждан қайтгунча шу ҳолат давом этарди”.
Бу ҳадисда аввалги ҳадисда ман қилинган ишларнинг мубоҳ эканига далил бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтган ҳадиснинг бизга етиб келиш йўли Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳоникидан яхшироқ. Чунки Оиша онамизнинг ҳадиси бизга “Мутавотир” ҳолда етиб келган.
Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг бизга етиб келиши эса ундай эмас, балки Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадиснинг иснодига таъна етган. Бу ҳадис Пайғамбаримизга етиб бормайди, Умму Саламада тўхтайди, деганлар” (“Шарҳи маъонил осор”)
Имом Таҳовий бу мавзуни ҳадислар билан шарҳлаб бўлгач, масалага бошқа томондан ёндашиб айтадиларки, эҳром – кишига аввал ҳалол бўлган кўп нарсаларни ман қилади. Шуларнинг ичида энг қаттиқ ман қилингани жинсий алоқа бўлиб, у эҳромни бузади. Энди, эҳромда бўлмаган киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, у жинсий алоқадан ман қилинмайди. Ундан ман қилинмагандан кейин ўз-ўзидан ундан пастроқ даражадаги иш (соч, тирноқ олиш)лардан ман қилинмайди. Мана шу – Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг сўзидир.
Муҳаққиқ аллома Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай дейдилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу иш – мубоҳ бўлиб, (соч, тирноқни олиш) макруҳ ҳам эмас, (уларни олмаслик) мустаҳаб ҳам эмас”» (“Мирқотул Мафотиҳ”).
Демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган шахс модомики эҳромда эмас экан соч-соқолини, тирноғини олишида ҳеч қандай гуноҳ йўқ, балки бу – ихтиёрий бир амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази