“Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” ҳар йилги ҳаж ва умра мавсуми мобайнида Саудия Арабистони қироли томонидан дунёнинг турли давлатларидан таклиф этиладиган зиёратчилар ҳисобланади.
Мана, бир неча йилдир-ки, диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган, элу юрт олдида обрў эътиборга эга бўлган юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратини “Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” сифатида адо этиб келишмоқда. Бу йилги Ҳаж-2019 мавсумида ҳам “Қирол меҳмонлари” сифатида Ҳаж ибодатини адо қилиш учун диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган 10 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетиш тараддудини кўришмоқда.
Кеча, 16 июль куни Дин ишлари бўйича қўмитада улар билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда зиёратчиларимиз учун муборак сафар давомида эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар, керакли тавсия ва маслаҳатлар берилган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати хабар берди.
“Қирол меҳмонлари” ҳаж ибодатини адо этиш билан бирга, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак масканларга зиёратга боришади ҳамда эътиборли шахслар билан учрашадилар. Учрашув сўнгида муборак сафарга отланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, диний соҳада узоқ йил хизмат қилган ходимларга кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнун эканликларини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, “Қирол меҳмонлари”нинг Ҳаж сафари жорий йилнинг 3 август кунидан 16 август кунига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси