Бугун, 17 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари учун семинар тренинг тарзида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад – юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний соҳа ходимларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга ошираётган ишларини янада такомиллаштириш, бу борада уларнинг илм ва малакаларини янада оширишдан иборат. Айнан шу сабабли ҳам семинар тренинг динимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган, ўзидан кенг илмий мерос қолдирган юртдошимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мажмуасида ўтказилди.
Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди ва мамлакатимиз тараққиёти, динимиз ривожи, миллатимиз келажаги учун, буюк аждодларимиз руҳи ёд этилиб хайрли дуолар қилинди. Семинар-тренингни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов очиб берди.
Тадбирда ўз маърузалари билан иштирок этган нотиқлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси; Шайх томонидан тасниф этилган «Ал-адаб ал-муфрад», «Ижтимоий одоблар», «Бахтиёр оила», «Ислом тарихи», «Олтин силсила», «Мазҳаблар бирлик рамзи» ва «Мазҳабсизлик бидъатдир» китоблари ва уларнинг аҳамияти; ҳадис илмлари; диний соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти; миссионерлик, прозелитизм ва ёт ғоялар таъсирига берилишнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши курашиш кўникмаларини юксалтириш мавзуларида маърузалар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Янгиликлар #Ҳаж_2025
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжидида Ҳаж ва умрага оид дарслар ўтказилди.
“Мир Араб” ўрта махсум ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин домла Сабуров ва Эркин домла Қудратов бу йил ҳаж сафарига кетаётган навбатдаги гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада ҳаж қоидалари, уларни бузиш оқибатлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафарга тайёргарлик ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган кўрсатмалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, амалиётга оид маслаҳатларни баён этди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устозлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, улуғ ибодатни бекаму-кўст адо этиш барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати