Бугун жуда ҳам долзарб масалалардан бири хусусида суҳбатлашамиз. Айни пайтда бутун дунёнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган мусулмонларнинг бошига мусибатлар келтириб, иймонларидан айрилишига сабаб бўлаётган сеҳр, фолбинлик ва мунажжимлик замонамизнинг бошига битган бало бўлди, десак хато қилмаймиз.
Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).
Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантиришдир. Аллоҳ ўзига ширк келтирган инсонни ҳеч қачон кечирмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди» (Муслим ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розийаллоҳу анҳо: «Улар ҳақ эмаслар», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб ўғринча билиб олади-да уни дўсти фолбиннинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир».
Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Юқорида гуноҳи кабира рукни остида келган хабарларда бир ҳадис эътиборимизни ўзига тортади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аслида борганнинг ўзидаёқ қирқ кунлик намозларининг савобидан маҳрум бўлиб, ўша ибодатлари қабул бўлмас экан. Мусулмон киши учун бир вақт намозининг қабул бўлмай қолишидан улканроқ мусибат йўқ! Демак фолбинга югураётган инсонларнинг иймонида жуда катта заифлик ва нуқсон мавжуд. Чунки, бориш ҳам, унинг сўзини тасдиқлаш ҳам ўта оғир жиноят ва мусибатдир.
Шу ўринда “Халқимизда “фолга борма фолсиз юрма” деган гап бор” дейдиган маҳмадоналар диқққатига: бу мақолни ҳам фолбинлар тегирмонига сув қуяётган илмсиз, нодон кимсалар ўйлаб топган. Ўзингизнинг гуноҳингиз ва бузғунчилигингиз учун халқни айбдор қилманг.
Сўзимиз сўнгида бетоб бўлса ҳам фолбинга, бирор нарсаси йўқолса ҳам фолбинга, иши юришмаса ҳам фолбинга, қизига совчи келмай қолса ёҳуд ўғлига қиз топилмаса ҳам фолбинга югурадиган ва умуман ҳаётини фолбинларсиз тасаввур қила олмайдиган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ва охири абадий дўзах бўладиган йўлни тарк этинг! Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини уларни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нима сабабдан улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, Каптива ёки Малибу эгаси бўлиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ таоло билан фақат Аллоҳгагина тегишли бўлган илмни талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечирувчи Зот. Улгура олмай қолса, қиёматда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тушган динда бўлмайди. Кофирнинг жойи эса абадий жаҳаннамдир. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.
Саидаброр Умаров
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари