Масжидлар Аллоҳ таолонинг ердаги уйларидир. Уни обод этиш ҳар бир мусулмон учун улкан ажру савобдир. Масжид қурилган жойда қут-барака бўлади.
Жорий йилнинг 16 июль куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги "Чинобод" маҳалласида фаолият юритиб келаётган "Машариб ота" жомеъ масжидининг эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган биноси ўрнида, замонавий, намозхонларга ҳар томонлама қулай ва барча шароитларга эга қилиб янгидан қурилиши учун биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман имомлари, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари иштирок этди. Илк ғишни қўйиб берган Хайруллоҳ домла Турматов йиғилганларга юртимизда дин ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мусулмонларга ибодат қилишлари учун ташкил этилаётган шароитлар ҳақида тўхталар эканлар, бу айниқса кўркам ва замонавий тарзда қайта қурилаётган масжидларда айниқса намоён бўлаётганини таъкидладилар. Бу, ўз навбатида, юртдошларимиз қалбига шодлик улашиб, неъматга шукроналик ҳиссини зиёда қилаётганини баён қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Пешин намозини 12:12 деб ёзилган, бу дегани 12:12 да пешинни ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, тақвимда кўрсатилган вақт намознинг аввалги вақтидир. Шу вақтдан бошлаб намоз ўқиш жоиз. Хусусан пешинни ҳам. Лекин жамоат билан ўқиш ва жамоатни кўпайтириш каби фазилат кўзда тутилса, бу вақтдан бироз кечиктириш ҳам дуруст. Аёллар эса жамоатга чиқмаганлари сабабли намоз вақти киргандан адо қилишлари афзалдир. Бу ҳақда “Баҳрур-роиқ” китобида бундай дейилади:
وأداء الصلاة في أول الوقت أفضل إلا إذا تضمن التأخير فضيلة لا تحصل بدونه كتكثير الجماعة، ولا يتأتى هذا في حق من في المفازة فكان التعجيل أولى، ولهذا كان أولى للنساء أن يصلين في أول الوقت لانهن لا يخرجن إلى الجماعة.
“Намозни аввалги вақтида ўқиш афзал. Лекин жамоатни кўпайтириш каби намозни (аввалги вақтидан) кечиктирмаса ҳосил бўлмайдиган фазилатли ҳолатлар бундан мустасно. Саҳро (чўл) жойлардаги киши ҳақида бундай фазилат ҳосил бўлмагани учун, намозни тезлаштириши афзалдир. Шунинг учун ҳам аёллар намознинг аввалги вақтида ўқиши авло. Чунки улар жамоатга чиқмайдилар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази