Масжидлар Аллоҳ таолонинг ердаги уйларидир. Уни обод этиш ҳар бир мусулмон учун улкан ажру савобдир. Масжид қурилган жойда қут-барака бўлади.
Жорий йилнинг 16 июль куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги "Чинобод" маҳалласида фаолият юритиб келаётган "Машариб ота" жомеъ масжидининг эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган биноси ўрнида, замонавий, намозхонларга ҳар томонлама қулай ва барча шароитларга эга қилиб янгидан қурилиши учун биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман имомлари, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари иштирок этди. Илк ғишни қўйиб берган Хайруллоҳ домла Турматов йиғилганларга юртимизда дин ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мусулмонларга ибодат қилишлари учун ташкил этилаётган шароитлар ҳақида тўхталар эканлар, бу айниқса кўркам ва замонавий тарзда қайта қурилаётган масжидларда айниқса намоён бўлаётганини таъкидладилар. Бу, ўз навбатида, юртдошларимиз қалбига шодлик улашиб, неъматга шукроналик ҳиссини зиёда қилаётганини баён қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси