Жорий йилнинг 10 июль куни Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйилди. Маросимда Зафаробод тумани ҳокими И.Қаршибоев, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқалар иштирок этишди.
“Масжидимиз биноси 2000 йили қурилган бўлсада, бироқ бугунги кунга келиб хонақоҳ ва таҳоратхона тагидан емирилиб, авария ҳолатига келиб қолган эди. Сабаби бу ерларда шўрланиш кучли. Янги қуриладиган масжидда албатта ана шу шароитлар ҳисобга олинган ҳолда зарурий чора-тадбирлар кўрилади”, дейди масжид имом-хатиби Фахриддин Расулов.
Янги масжид сиғими 250 кишига мўлжалланган бўлиб, шу йилнинг якунига қадар битказилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари халқ ҳашари ва маҳаллий тадбиркорлар кўмагида амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда Жиззах вилоятида “Боймоқли”, “Қоратепа” (Зомин т.), “Янгиқишлоқ” (Дўстлик т.), “Янгиқишлоқ-2” (Фориш т.) “Жиззахлик” (Ш.Рашидов т.) масжидлари қулай шароитларга мувофиқ ҳолда янгидан қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида шу йилнинг 20-24 август кунлари Ўзбекистон делегациясининг навбатдаги хизмат сафари уюштирилди.
Ставрополь ўлкаси ва Ростов вилоятига сафар қилган делегация таркибида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳам иштирок этиб, ватандошларимизни истиқлолимизнинг 34 йиллиги билан қутлади.
Узоқ ўлкаларда ўқиб, ишлаб юрган ҳамюртларимиз билан ҳалол касб қилишнинг фазли, ақидада адашмаслик, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби, Исломда бағрикенглик, ватанпарварлик мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди. Шунингдек, долзарб мавзудаги буклетлар тарқатилди.
Ставрополь мусулмонлари қозиси Муҳаммад ҳазрат билан музокаралар олиб борилиб, Халқаро Кавказ университетида 60 давлатдан келиб таълим олаётган талабалар орасидаги 285 нафар ўзбекистонлик талаба билан учрашув ўтказилди. Университет раҳбарияти ушбу талабалардаги илмга ташналик ва одоб-ахлоқни алоҳида таъкидлаб, улар тимсолида Ўзбекистон халқига эҳтиромлари янада ошганини билдирди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуойи саломлари етказилди. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ишлар, тинчлик, фаровонлик, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Хизмат сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати