Агар осмондан сув эмас, балки унинг атомлари бўлган водород ва кислороднинг ўзи ёғса, одамлар куйиш, терининг ўйилиши натижасида ҳалок бўлган бўлардилар.
Агар фаразан ўша атомлар одамларни ҳалок қилмаган тақдирда ҳам, ҳеч бир лаборатория водород ва кислород атомларини бир-бирига қўшиб, сув ҳосил қилолмаган бўларди.
Ердаги лабораторияларда кислород ва водород атомлари бириктирилса, сув эмас, портловчи модда ҳосил бўлар экан.
Қолаверса, ҳеч бир олим, кимёгар, физик ва бошқа соҳанинг академиклари жам бўлиб, барча моддий ва техник имкониятларни ишга солсалар ҳам битта кичкина ёмғирли булутни ҳосил қила олмайдилар.
Бизга эса ҳеч бир сарф-харажатсиз осмондан барака ёмғирлари ёғади.
Бу Роббимизнинг биз ожиз бандаларига кўрсатган улкан марҳаматларидан биридир!
У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَهُوَ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ بُشْراً بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً طَهُوراً لِنُحْيِيَ بِهِ بَلْدَةً مَّيْتاً وَنُسْقِيَهُ مِمَّا خَلَقْنَا أَنْعَاماً وَأَنَاسِيَّ كَثِيراً
“У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик. У ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғоришимиз учун” (Фурқон сураси, 48-49-оятлар).
Аллоҳнинг улкан неъмати бўлмиш сувни истеъмол қилаётганимизда Роббимиз бизга нақадар Меҳрибон, Марҳаматли эканини ўйлаб кўрайлик!
Нозимжон Ҳошимжон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишда гўзал намуна, “Хулқи Қуръон” бўлган зот – севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавоту дурудлар бўлсин!
Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик билан қабул қилиб, унга ихлос ила амал қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи. Унинг ҳар бир ҳарфи ва оятини ўқиб ўранган кишиларга катта ажр-савоблар ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من قرأ حرفًا من كتابِ اللهِ فله به حسنةٌ. والحسنةُ بعشرِ أمثالِها لا أقولُ ﴿الـم﴾ حرفٌ ولكنْ ﴿ألفٌ﴾ حرفٌ و﴿لامٌ﴾ حرفٌ و﴿ميمٌ﴾ حرفٌ.
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқиб ўрганган ва бошқаларга етказган кишилар улуғ фазл-мартаба соҳиби бўладилар. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيرُكُم من تعلَّمَ القرآنَ وعلَّمَهُ.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан инсонларнинг энг яхшилари аввало Қуръонни ўрганувчилар, кейин эса уни ўргатувчилар экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таоло шундай фазл-мартабани барчамизга муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД